Грознийдан Ҳалаб ва Украинагача: Россиянинг қаршиликка жавоблари Ukraina Rossiya

  • Жереми Боуэн
  • BBC News, Киев
Buildings in ruins in Kharkiv, 3 March

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия бомбардимонларидан кейин Харьковдаги бинолар вайронага айланди

Мен ушбу сатрларни ёзаётганимда Киев маркази ва унинг аксар чекка қисмларига душман оёғи етмаган. Фақат сиреналар ва огоҳлантирувчи сигналлар чалиниб туради.

Бу ҳолат жуда тез ўзгариши мумкинлигини ҳамма билади. Сиз буни ўқиётганингизда, эҳтимол шундай бўлар ҳам.

Украинанинг иккинчи шаҳри Харьков аллақачон Россия уруш усулининг кучини ҳис қилган. Мариупол ва шарқдаги бошқа шаҳарлар ҳам.

Россия қаршиликка узоқдан ўт очиш билан жавоб беради. Уларнинг ҳарбий доктринаси уйма-уй, хонама-хонага юриб жанг қилишни эмас, душманга қарши оғир қуроллар ва бомбалашни талаб қилади.

Харьков ва бошқа шаҳарлар катта зарар кўрди, бизга маълум бўлишича, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бор. Харьков маҳаллий ҳукумати қароргоҳи ракета ҳужуми натижасида жиддий зарар кўрган, бу видеотасвирга олинган. Россия Президенти Владимир Путин Киевга сигнал юбораётган бўлиши мумкин: шарққа қаранг, бу сизнинг ҳам бошингизга тушиши мумкин.

Мен русларнинг бошқа урушлардаги ҳаракатини кўриб олган ачинарли хулосам шундаки, вазият янада ёмонлашиши мумкин.

"Ер ларзага келди"

Ҳозирча Путин 1990 йилларда Чеченистон Республикаси қўзғолон кўтарганида Грознийга ва 2015 йилда Путиннинг ҳарбий аралашувидан сўнг Сурияга рус қўшинлари етказганича зарар етказиш ҳақида буйруқ бермаган.

1994-1995 йиллар қишда бошланган биринчи Чечен урушини ёритганман. Худди Украинадаги каби, Россия армияси қуруқликдаги операцияларда жиддий ҳарбий хатоларга йўл қўйганди. Зирҳли машиналар карвонлари тор кўчаларда чечен жангчилари томонидан пистирмага учратилган ва йўқ қилинганди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган кўплаб аскарлар жанг қилишни ва ўлишни хоҳламадилар.

Украинага бостириб киришдан олдин, ҳарбий таҳлилчилар Россия кучлари анча профессионаллашганига ишонишган. Балки шундайдир, лекин логистика муаммолари, тактик хатолар ва урушга кетаётганидан бехабар қўрқиб кетган ўсмирлар, шунингдек, чеченларнинг 1995 йилдаги қаршилигидек қаттиқ қаршилик туфайли Россия босқини яна бир бор секинлашиб қолди.

Grozny in ruins in 1995

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чеченистон 1991 йили Совет Иттифоқидан мустақиллигини эълон қилди. 1994 йили Россия қўшинлари бостириб кирди. Грозний қаттиқ вайрон этилди.
1px transparent line
Grozny in ruins - February 2000

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1999-2000 йиллардаги иккинчи чечен урушида Россия қўшинлари Грознийни қамалга олди, қақшатқич жанглар бир неча ҳафталар давом этди
1px transparent line
Jeremy Bowen (left) with colleagues Scott Hillier and Steve Lidgerwood in Grozny in January 1995

Сурат манбаси, BBC/Jeremy Bowen

Сурат тагсўзи, Жереми Боуэн(чапда) ҳамкасблари Скот Ҳиллер ва Стив Лиджервудлар билан 1995 йил январида Грознийдан репортажлар узатган

Чеченистонда Россиянинг жавоби ўз ўқ отиш кучидан фойдаланиш бўлди. Бир неча ҳафта ичида артиллерия ва ҳаво зарбалари бетон ва темирдан иборат оддий Совет шаҳри Грознийни вайронага айлантирди. Мен Чеченистон қаршилик ҳаракати маркази бўлган Минутка майдонида бўлганимда у бир неча бор ҳаво ҳужумларига учраган эди. Тинч аҳоли асосан ертўлаларда бўлиб, ҳар сафар сув ёки озиқ-овқат учун чиққанларида ўлим хавфида қолардилар.

Ўша куни Минутка майдонида чечен жангчилари кассетали бомбалардан ҳалок бўлди, уйлар ёқиб юборилди. Бир кун ўтгач, шаҳарнинг бош хиёбони ракета ҳужумига учраган, тутун ва аланга билан қопланганди. Биз суратга олган жойда ер силкинарди.

Ҳаводан ҳужум

Грознийдан ташқари уруш йилларида мен кўрган энг вайрон бўлган жойлар Сурияда бўлган. Яна ўша рус армиясининг вайронкор кучи.

Путиннинг Сурияга кириш қарори Башар ал-Ассад режимини сақлаб қолди ва Россияни глобал қудрат сифатида тиклаш мақсади сари катта қадам ташлади. Суриядаги исёнчиларга қарши иккита ва режим учун жуда муҳим бўлган ҳал қилувчи ғалаба Россия ўт очиш кучидан аёвсиз фойдаланиш натижасида қўлга киритилди.

Биринчиси 2016 йил охирида Ҳалабда бўлган. Уруш давомида турли исёнчи гуруҳлар қўлида бўлган шаҳарнинг шарқий қисми ҳаводан ўққа тутилиб, бомбалангандан кейин қулаганди. Асад режими сурияликларга қарата ўт очиш учун далдага муҳтож эмас эди, лекин руслар вайронкорликни анча юқори даражасига олиб чиқди. Россияда ва Эронда жойлашган стратегик бомбардимончилар ҳалокатли зарбалар берди.

Сурияда қўлланган тактика исёнчилар назорати остидаги ҳудудларни ўраб олиш ва қамал қилиш, уларни ҳаво ва артиллерия батареяларидан ўққа тутиш ва охир-оқибат ҳимоячиларни ва қочиб қутула олмаган тинч аҳолини ўлдириш эди. Уларнинг кўплари ўлдирилди.

A devastated street in Aleppo, Syria, January 2017

Сурат манбаси, BBC/Jeremy Bowen

Сурат тагсўзи, Ҳалаб кўчалари 2017 йил январида
1px transparent line
Eastern Ghouta, outside the Syrian capital Damascus, June 2018 - BBC cameraman Nik Millard pictured

Сурат манбаси, BBC/Jeremy Bowen

Сурат тагсўзи, Суриядаги шарқий Ғута Би-би-си видео оператори Ник Миллард билан

Мен Шарқий Ҳалаб қулаганидан бир неча ҳафта ўтгач, машинада уни босиб ўтишга муваффақ бўлганимда, вайронагарчилик километрларга чўзилган эди. Мен соғ қолган бирорта ҳам бинони кўрмадим. Бутун маҳаллалар вайронага айланганди. Кўчалар уюм бўлган вайроналарга тўла эди.

Мен худди шундай тактикани Шарқий Ғутада, Сурия пойтахти чеккасидаги исёнчилар назоратидаги қатор шаҳарлар ва қишлоқ хўжалиги ерларида кўрганман. 2018 йилда унинг таслим бўлиши Дамашқ учун жангнинг якуни бўлди, у дастлаб исёнчилар йўлидан бориши мумкин эди. 2013 йилда минтақадаги шаҳарлардан бири Думада Асад режими кимёвий қурол ишлатганидан кейин АҚШ унга қарши ҳужум қилмасликка қарор қилгач вазият ўзгарди. Узоқ давом этган кураш 2015 йилда Россия урушга кирганидан сўнг кескин равишда режим фойдасига бурилди.

Шарқий Ғута ҳимоячилари ҳаво ҳужумларидан қочиш учун ер ости туннели қазиди. Аммо қамаллар ва катта миқдорда ҳаво зарбалари жангларда ғалаба келтиради. Бунинг сабаби шундаки, ҳимоячилар ўлиб, ҳолдан тойган, тинч аҳоли эса, қанчалик қаршилик кўрсатмасин, шундай қўрқув ва азоб-уқубатларга дучор бўладики, улар таслим бўлишни мамнуният билан қабул қилишади.

Киевда ҳаммани ўйлантираётган энг катта саволлардан бири бу нафақат Харьков, Мариупол ва қолганларда, балки Чеченистон ва Сурияда қилинган иш бу ерда ҳам қилинишидир.

Чеченистон ва Сурияда бўлмаган Православ зиёратгоҳларининг муқаддаслиги ҳужумларни юмшатармикан? Путиннинг ўзи Украинанинг Россия тарихидаги аҳамияти ҳақида ёзган. У Украинани қайтариш учун уни йўқ қилишга тайёрми? Агар санкциялар ва Украина қаршиликлари унинг ҳокимияти барқарорлигига таҳдид солса, у кескинроқ чоралар кўрадими?

Тарих шуни кўрсатадики, рус ҳарбийлари қуруқликдаги кучлари заифлигини йирик калибрли қуроллар орқали қоплайди. Украиналиклар бу ерда бундай бўлмаслиги учун дуо қилмоқда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Ruined buildings in Kharkiv, Ukraine, on 5 March, 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Харьков яшовчилари тинч фуқароларга бўлаётган ҳужумлардан ларзага келганларини айтадилар
line