Видео: Путин бошлаган уруш Украина болаларини қандай аҳволга солди? Россия

Бола

Россия томонидан қуршовга олинган Мариупол шаҳри учун қақшатқич жанглар кетмоқда. Россия бомбардимони натижасида шаҳардаги 90 фоиз бинолар вайрон бўлган ёки зарарланган. Уруш манзарасида шаҳардаги айрим тинч аҳоли вакилларини бошқа шаҳарларга эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. Қамалдан чиққан мариуполликлар вазият ўта абгорлигини айтади.

Мариуполда 300 минг атрофида одам қамалда қолган. Уларнинг айримлари шаҳардан шимолий-ғарбда 200 чақиримлик масофада жойлашган Запорожьега чиқишга муваффақ бўлган.

Владимир Путиннинг уруши Украинадаги айрим болаларни шифохонага ётқизди.

Касалхона ётоғидаги Артём бўшлиққа тикилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Портлагач қорнига кирган Россия снаряди парчалари унинг ота-онаси ҳамда буви ва бувасини ҳам жароҳатлади. Улар Мариуполдан қочишаётганди.

У ҳали уч ёшга тўлмасдан уруш қурбонига айланди.

Артёмнинг ёнидаги 15 яшар Маша ҳам Мариупол яқинидан.

Ўтган сешанба куни портлаган Россия бомбаси ўнг оёғини узиб ташлади. Сўнг шифокорлар уни ампутация қилишди.

У ва Артём қандайдир маънода омадли, чунки Запорожье шаҳрига эвакуация қилинган.

Қолган қурбонлар - катталар ва болалар кўчада йиқилган жойларида ҳалок бўлишган.

Бу Мариуполь ва унинг атрофидаги бомбардимонларда юзлаб жабр кўрганларнинг атига бир қисми. Буларнинг барчаси Россия ҳужумлари қурбони. Гап фақат жисмоний яраларда эмас, болаларнинг кўпчилиги энди балки ҳеч қачон тузалмайдиган оғир руҳий жароҳат ҳам олишди.

Бу шифокорлар ва болаларнинг омон қолган яқинлари уларнинг ҳикоясини етказишимизни сўрашди.

Болалар касалхонаси Бош Шифокори Юрий Борзенко Россия қилмишларига нафратини яшироламайди.

"Россиядан нафратланаман. Оёғидан ажралган қиз шу даражада руҳан синган эдики, бир неча кун на сув на нон тотди. Уни томири орқали озиқлантирдик. Бошида снаряд парчаси бор 6 яшар яна бир бола, бомба урилгач онаси машина ичида қандай ёниб ўлаётганини кўз ёшсиз ва ҳиссиётсиз томоша қилганини айтишди. Кейин отасига " янги она сотиб олинг, мени кимдир мактабга олиб бориши керак, деган", дейди болалар касалхонаси бош шифокори Юрий Борзенко.

Мариуполда содир бўлаётганлар инсоний инқироз, ҳатто уруш жинояти ҳам бўлиши мумкин.

Шаҳардаги 90 фоиз бинолар Россиянинг тинимсиз бомбардимони натижасида ё вайрон бўлди ёки зарар кўрди.

Ўтган ҳафта мингдан ортиқ одам яшириниб тургани айтилган театр вайрон қилинганидан сўнг, ичида 400 одами бўлган санъат мактабига ҳам ўт очилгани ҳақида хабар чиқди.

Шифохонада Владимир доим телефонда суратини силаб юрган қизи Наташа ва невараси Доминика ҳақида айтиб беришни истайди.

Уларнинг иккиси ҳам Мариупол шаҳрида Россия бомбардимони остида ўлган.

"Неварамга қараб югурдим, Доминика, Доминика деб бақирдим, аммо у қимирламай ётарди. Кейин оёғини боғлаш учун қўлимга илинган шарфни олиб, Наташага қараб отилдим", дейди у.

Бошқа қизлари ҳамон оғир аҳволда ётган Владимир кучли бўлишга ҳаракат қилиши кераклигини билади.

"Эй, Худо нима учун? Суюкли қизларим, мен сизларни ҳимоя қилолмадим", дейди у.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.