Секс тожирлари украин қочқинларини қандай овламоқда? Россия, Уруш

Refugee on Polish-Ukrainian border
Сурат тагсўзи, Қочқинлар бегоналарга ишонишга мажбур

Россиянинг Украинага шавқатсиз босқинидан беш ҳафта ўтиб, ҳозир у ерда ҳаёт қандай эканини бир лаҳза тасаввур қилиб кўринг.

Бомбалар, қон тўкилиши, жароҳатлар. Фарзандларингиз учун мактаб, ота-онангиз учун тиббий хизмат, мамлакатнинг кўп жойларида хавфсиз бошпана йўқ.

Қочишга ҳаракат қиляпсизми? БМТ маълумотларига кўра, ўн миллион украиналик яшаш жойини ташлаб кетган.

Аксарият Украинанинг хавфсизроқ ҳисобланган бошқа ҳудудларида бошпана қидирмоқда. Аммо уч ярим миллиондан ортиқ одам хорижга қочди.

Улар асосан аёллар ва болалардир, чунки Украина ҳукумати 60 ёшгача бўлган эркакларни ўз жойида қолиб, жанг қилишни талаб қилади.

Кўчирилган ва йўлини йўқотганлар, кўпинча қаерга боришни билмай қолган қочқинлар бегоналарга ишонишга мажбур бўлади.

Уруш тартибсизликлари ортда қолади, лекин ҳақиқат шуки, улар Украинадан ташқарида ҳам бутунлай хавфсиз эмас.

"Йиртқичлар ва одам савдогарлари учун Украинадаги уруш фожиа эмас", - деб огоҳлантирди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш "Twitter"да. - Бу улар учун имконият - аёллар ва болалар эса нишон."

Одам савдоси тармоқлари тинчлик даврида Украина ва қўшни мамлакатларда шундоқ ҳам фаол эди. Уруш кўтарган чанг уларнинг бизнеси гуллаши учун энг зўр жойдир.

Люблин шаҳрида жойлашган "Homo Faber" инсон ҳуқуқлари ташкилоти координатори Каролина Вежбинска менга болалар кўпроқ ташвишлантираётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб ёшлар Украинани ҳамроҳсиз тарк этган. Польша ва бошқа чегара ҳудудларида, айниқса, уруш бошида, турли рўйхатга олишларда болаларнинг ғойиб бўлгани ва уларнинг ҳозир қаердалиги номаълумлиги кўриниб қолди.

Мен ҳамкасбларим билан Польша-Украина чегарасига аҳволни ўз кўзимиз билан кўриш учун бордик.

Қочқинлар келадиган машҳур темирйўл бекатида шовқин-сурон эди. Ҳамма жойда гангиган аёллар ва йиғлаётган болалар эди.

Woman and child
Сурат тагсўзи, Аёллар ва болалари билан чегарага келишмоқда

Нимча кийган кўнгиллилар буғи чиқиб турган катта қозонларидан уларга иссиқ овқат тарқатарди.

Ҳозиргача ҳамма нарса жуда яхши ташкил этилган, шундай эмасми? Унчалик эмас.

Биз 20 ёшлар чамаси киевлик қочқин Маргарита Гусмановани учратдик, у чегарага икки ҳафта олдин келган, аммо бошқа қочқинлар нотўғри қўлларга тушиб қолмаслиги учун ёрдам бергани қолишга қарор қилди.

Мен ундан ўзини заиф ҳис қиладими, деб сўрадим. "Ҳа, - деди у менга. - Шунинг учун мен айниқса уларнинг хавфсизлиги ҳақида қайғураман.

"Аёллар ва болалар бу ерга даҳшатли урушдан қочиб келишади. Улар поляк ёки инглиз тилларини билишмайди. Улар нима бўлаётганини билишмайди ва ким нима деса ишонишади.

Margherita Husmanov
Сурат тагсўзи, Маргарита Хусманов кўнгиллига айланган собиқ қочқин

Бу бекатда ҳар хил одам бор. Мен кўнгилли бўлган биринчи куним Италиядан уч кишини кўрдик. Улар гўзал аёлларни излаб юрган секс тожирлари экан.

"Мен полицияга қўнғироқ қилдим, гумоним тўғри чиқди. Бу ваҳима эмас эди. Бу даҳшатли".

Маргаританинг айтишича, маҳаллий амалдорлар анча уюшган. Полиция мунтазам равишда бекатни патруль қилади. Қочқинлар келган дастлабки бир неча ҳафтада картонларга жозибадор манзилларни ёзиб олиб, одамларни олиб кетишга турганлар (бизга айтишларича, асосан эркаклар) деярли ғойиб бўлган.

Аммо, бир қатор манбалардан маълум бўлганидек, айрим ёвуз одамлар ҳозирда ўзларини кўнгиллилар сифатида кўрсатмоқда.

Елена Москвитина "Facebook" орқали бундан хабардорликни оширишга ҳаракат қилди. У ҳозир Данияда хавфсизликда, шунинг учун биз "Skype" орқали узоқ суҳбатлашдик. Унинг бошидан кечганлар қўрқинчли.

У уруш давом этаётган Украинадан болалари билан қўшни Руминияга кўчиб ўтган. Улар чегарадан узоқда олиб кетадиган одам қидираётган эди.

Унинг айтишича, қочқинлар марказидаги сохта кўнгиллилар ундан қаерда турганини сўраган.

Улар ўша куни кечроқ яна пайдо бўлиб, унга Швейцария бориш учун энг яхши жой эканлигини ва уни бошқа аёллар билан микроавтобусда олиб кетишларини айтиб уни унатишга уринишди.

Елена менга эркаклар унга ва қизига "қўпол" муомала қилишганини айтди. Қизи қўрқувдан қотиб қолган.

Улар ундан бошқа хонада ётган ўғлини кўрсатишини сўрашди. Улар унга бошдан оёқ қарашди, дейди у. Кейин улар фақат биз билан кетасиз деб талаб қилишган. Елена улардан ID карталарини кўрсатишни сўраганида ғазабланишган.

Эркакларни оиласидан узоқлаштириш учун Елена бошқа аёллар микроавтобусда бўлганида улар билан учрашишга ваъда берди. Аммо улар кетиши биланоқ, у болаларини олган у қочган.

Elżbieta Jarmulska
Сурат тагсўзи, Эльжбета Ярмульска "Women Take The Wheel Initiative" асосчиси

EСерғайрат польшалик ишбилармон аёл Эльжбета Ярмульска "Women Take The Wheel Initiative" асосчиси. У украиналик қочқин аёлларнинг "хавфсизлигини" таъминламоқчи.

"Бу аёллар аллақачон уруш зонасида пиёда ёки машинада кўп нарсаларни бошдан кечиришган, кейин улар бу ерда қўрқишади ва эксплуатация қилишадими? Бу қандай бўлишини таърифлашга сўз йўқ», дейди у.

Ҳозиргача у 650 дан ортиқ польшалик аёлларни ёллаган, улар қочқинларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун имкон қадар тез-тез Полша-Украина чегарасига бориб келишади.

Мен Эла номи билан машҳур Эльжбета ҳамроҳлигида қочқинлар марказига бораман, у ерда у расмийларга ўз гувоҳномаси ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ва кейин қочқин аёллардан Варшавага кетмоқчи бўлганлар борми, деб сўрайди.

Унинг машинаси бир зумда тўлди. Йўловчилар: қочқин Надя ва унинг уч фарзанди.

Эла оилани машинасига ўтқазди ва, агар керак бўлса, ёш болаларга сув, шоколад ва йўлда кўнгил айнишига қарши таблеткаларини таклиф қилди.

Nadia and her children
Сурат тагсўзи, Надя ва болалари

Айни пайтда Надя менга Харковдан келиб, Украинадан чиқиб кетгунча бўлган хавфли сафари ҳақида гапириб берди. Польшага етгач, ўзини енгилроқ ҳис қилганини гапирди.

У Украина радиосида одам савдоси ва эксплуатацияси хавфи ҳақида эшитган. Лекин у барибир келди.

Унинг айтишича, унинг уйини ўққа тутишган. Уруш хавфи муқаррар эди.

Эла қочқинлар манфаатларини кўзлайди. Аммо чет элга ўтиб олиш улар учун хавф ўтиб кетди дегани эмас.

Биз билан суҳбатлашганларнинг аксарияти зўравонлик тугаши билан уйга қайтишга умид қилган. Аммо кейинги кунларда, ҳафталарда, ҳатто ойларда улар ухлаш, овқатланиш, болаларини мактабга юбориш, шунингдек, ўзларини нормал таъминлаш учун ишлашлари керак.

Бу эҳтиёжлар қочқинларни ҳимоясиз қилиб қўяди.

Европа Иттифоқи етакчилари бир овоздан украиналиклар учун меҳнат бозори, мактаблар ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яратиш чораларини маъқуллади, бироқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қочқинлар рўйхатдан ўтиш ва ҳуқуқларидан хабардор бўлишда ёрдамга муҳтожлигини айтади.

Польша-Украина чегарасида учрашган кўнгиллилардан бири менга умидсиз, дўстларсиз ва пулга муҳтож бўлганингизда, хаёлингизга келмаган вазиятларга тушиб қолишингиз мумкин, деди.

Бу аёл ёшлигида фоҳишаликка жалб қилинган. Ўзининг айтишича, ана шу унинг украиналик қочқинларга ёрдам бераётгани сабабидир.

"Мен уларни ҳимоя қилмоқчиман. Уларни огоҳлантиринг", дейди у менга. У мендан исмини айтмасликни илтимос қилди. Ўшандан бери у ҳаётини ўзгартирган ва болалари унинг ўтмиши ҳақида билишларини хоҳламайди.

Refugee on Polish-Ukrainian border
Сурат тагсўзи, Қочқинлар осон алданиши мумкин

Россиянинг Украинага ҳужумидан беш ҳафта ўтиб, бутун Европа бўйлаб украиналикларга ёрдам бераётганини даъво қилаётганларни текшириш жараёни ҳали ҳам тўкис эмас.

Уюшган жиноятчилик (жумладан, жинсий ва органлар савдоси, кўпинча қул меҳнати) ягона таҳдид эмас. Қочқинлар ҳам алоҳида шахслар томонидан эксплуатация қилинади.

Польша, Германия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардаги одамлар ўз уйларини қочқинлар учун очган, аксарияти яхши ният билан. Лекин, афсуски, ҳаммаси эмас.

Биз Германиянинг Дюсселдорфига қочиб борган украиналик аёлнинг ижтимоий тармоқдаги постини топдик. Унга хона таклиф қилган эркак унинг гувоҳномасини тортиб олиб, уйини бепул тозалашни талаб қилган. Кейин у шилқимлик қилишга ўтган. Аёл рад этди ва эркак уни кўчага ҳайдаб солди.

Одам савдосига қарши курашувчи "Ла Страда" нодавлат ташкилотининг Варшава бўлими ижрочи директори Ирена Давид-Томчикс менга бу воқеа жуда таниш эканлигини айтди. Бунақа ишлар уруш бўлса бўлмаса содир бўлиб туради, деди у менга. Аммо урушдан қочиб Украинадан келаётган аёллар ва болалар сони ортиши эксплуатация ва зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганини англатади.

У, айниқса, ўсмир қочқинлар аҳволи ташвишли эканини айтади. "Биз ўсмирларни биламиз, тўғрими? Улар ўзларига ишонмайди, қабул қилиниш ва тан олинишни хоҳлайдилар", дейди у.

"Агар улар ватан ва дўстларидан узоқда бўлган қочқин бўлса, улардан фойдаланиш осонроқ.

Қизлар ёши каттароқ эркаклар эътиборини исташи мумкин. Ёки уларни зиёфатларга таклиф қиладиган тенгдош мафтункор қиз билан таништиришади.

Шундай бошланади. Шуни унутмангки, одам савдогарлари ва зўрловчилар фақат эркаклар эмас".

Leaflet given to refugees
Сурат тагсўзи, Қочқинларга ёрам таклиф қилинган варақалар тарқатилади

Сахийлик билан қилингандек кўринадиган онлайн таклифлар айниқса уруш даврида ожиз аҳволдаги украин аёллар эътиборини ўзига жалб қилади.

Ирена исм-шарифларини ошкор қилмасдан "Ла Страда" Польша бўлими ишлаётган ҳолатлар ҳақида сўзлаб берди: украиналик қизлар ўзларини Мексика, Туркия, Бирлашган Араб Амирликларига таклиф қилган эракалар билан учрашмай туриб, улардан самолёт чипталарини олган.

"Менинг ҳамкасбларим 19 ёшли қизни бир эркакнинг уйидаги дугонасига қўшилмасликка кўндирмоқчи", дейди у.

"У дугонаси калтакланганини билади. Аммо эркак унинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, ёқимли сўзларни айтган ва совғалар таклиф қилган.

Агар улар ўз билганларида туриб олсалар, биз қизларни ҳеч бўлмаганда маҳаллий ҳокимият идораларида рўйхатдан ўтишларини илтимос қиламиз. Агар йўқ бўлса, уларда бизнинг телефон рақамимиз бор.

Умид қиламанки, агар биз уларга керак бўлсак, бизга қўнғироқ қилишлари мумкин."

Европа бўйлаб ҳукуматлар Украина билан бирдамлигини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қочқинларга яхшироқ ғамхўрлик қилишларини истайди. Улар ҳимояга муҳтож.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.