Путин ва Россия таянган ҳарбий устунлар лиқиллай бошладими? Украина Dunyo Yangiliklar

  • Наталия Зотова
  • Би-би-си Рус хизмати
Қариндошлари ва дўстлари сафарбар этилганларни кузатмоқдалар

Сурат манбаси, Alexander Scherbak/TASS

Сурат тагсўзи, Қариндошлари ва дўстлари сафарбар этилганларни кузатмоқдалар

Украинадаги уруш муносабати билан Россияда эълон қилинган сафарбарлик баъзиларини мамлакатни тарк этишга ёки яширинишга, бошқаларни ўз-ўзидан ўқ-дориларни сотиб олишга ва итоаткорлик билан ҳарбий комиссариатга боришга мажбур қилди. Деярли ҳар бир оилага таъсир қилган руҳий зарба одамларда нега турлича реакцияларни келтириб чиқарди ва мобилизация жамиятнинг руҳий ҳолатига қандай таъсир қилади?

Би-би-си социолог ва психотерапевтга маслаҳат учун мурожаат қилди.

21 сентябрда Путин эълон қилган "қисман" сафарбарликнинг дастлабки кунлари россияликларнинг хавотир даражаси икки баравар ошиб кетди. "Ижтимоий фикр" давлат жамғармаси (ИФЖ) томонидан ўтказилган сўров шунга далолат қилмоқда. 25 сентябрь куни қариндошларингиз ва танишларингизнинг кайфияти қандай, деган саволга респондентларнинг 69 фоизи: хавотирда, деб жавоб берди. Бир ҳафта олдин, сафарбарлик эълон қилингунга қадар эса респондентларнинг атиги 35 фоизи хавотир ҳақида гапирган эди.

Алоқадор мавзулар:

Россия ҳукумати томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари реестрига «хорижий агентлар» сифатида киритилган "Левада маркази" ҳам худди шундай натижаларни кўрсатди: респондентларнинг 47 фоизи сафарбарлик эълон қилинганидан «хавотир, қўрқув, даҳшат»ни ҳис қилган, 23 фоизи эса шокка тушган. 13% респондентлар ғазаб ва нафратга тўлганини билдиришган. Фақат 23% ижобий ҳис-туйғу - «Россиядан ғурурланиши» ҳақида гапирган. Респондентларнинг 66 фоизи умумий сафарбарлик эълон қилинишидан қўрқишини тан олган.

«Ясно» психологлар қидирув хизмати айнан хавотирдан шикоят қилувчи мижозларнинг сўровлари сезиларли равишда ортганини билдирди.

«24 февралдан бери хавотир психотерапевтга мурожаатнинг энг кенг тарқалган сабабига айланди (буни «Ясно» янги мижозларининг 63 фоизи сўровномада қайд этган). Бунга қадар мурожаатчиларнинг анъанавий равишдаги муаммолари асосан ишқий муносабатлардаги ҳолатлар билан боғлиқ эди. Хавотир динамикаси апрелгача давом этди, кейин аста-секин 57% гача (август, сентябр бошида) пасайди ва 21 сентябрдан сўнг кескин сакраб - 62% га кўтарилди», деди «Ясно» Би-би-сига.

Сафарбарлик эълон этилганидан кейин Россияда норозилик намойишлари кўпайди, митингга чиққанларни полиция куч билан тарқатди

Сурат манбаси, Maxim Shipenkov/EPA

Сурат тагсўзи, Сафарбарлик эълон этилганидан кейин Россияда норозилик намойишлари кўпайди, митингга чиққанларни полиция куч билан тарқатди

Шунингдек психологларга шикоятлар стрессга ҳам тегишли: Россия Украинага тўлиқ миқёсли босқинни бошлаган 24 февралдан бошлаб, стресс сабабини кўрсатган сўровлар сони 51% га кўтарилди, ёзда эса 44% га тушди ва сафарбарлик эълон қилинганидан кейин 48% гача кўтарилди.

«Феврал-март ойларида янги воқелик билан боғлиқ баъзи тажрибаларни учратдим, лекин кўпчилик учун бу айнан сафарбарлик билан боғлиқ эди. Одамлар бу ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак бўлган нарса, яна шахсан мен билан содир бўлмаслиги керак, дейишаяпти», деди «Ясно» хизматининг гешталт-терапевти Антон Савин Би-би-сига.

Уруш ҳаётга кирди

Уруш оддий россияликларнинг ҳаётига таъсир қилди, бу Савиннинг шахсий амалиёти жараёнида кўплаб мисоллар билан тўлиб бораяпти.

«Мижоз билан бир ҳафтадан сўнг учрашишга келишамиз. Кейин эса у мамлакатни тарк этаётганини ёзади. Бошқа бир мижозим «Ўғлим Қозоғистонга кетган, уни яна бир кўраманми-йўқми, билмайман, дейди Менинг дастурларимда қатнашадиган талабалар эса «Психотерапия билан шуғулланишим учун курсни ўташим керак бўлармикин, бир ойдан кейин қаерда бўлишимни билмасам», деб иккиланадилар», вазиятни тасвирлайди доктор.

Одамлар Украинага бостириб кириш уларнинг дунёсини қанчалик ўзгартирганини тушунмаган бўлишлари мумкин, чунки маълум бир вақтга қадар расмийлар Россия аҳолисининг кўпчилигини урушда фаол иштирок этишларини талаб қилмаганлар.

«Ҳатто ҳукумат тарафдорларининг «Z» ҳарфини ёпиштириш кўринишидаги хатти-ҳаракатлари жамоатчилик эътирозига олиб келгач, ҳокимият томонидан тўхтатилган эди. Менимча, ҳокимият бундай назорат қилиб бўлмас қўллаб-қувватлашга эҳтиёткорона ёндошган ва кўпчиликнинг ташқаридан кузатиб тургани уларни қониқтирган», деди Би-би-сига «Левада маркази» социологи Степан Гончаров.

Сафарбарлик ҳокимият ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар стратегиясини ўзгартирганлиги аниқ, дея ҳисоблайди Гончаров. Кўпчилик урушда бевосита иштирок этишга тайёр эмас эди.

Сафарбарликка жалб қилинган ёки урушга ёлланиши эҳтимоли юқори бўлганларнинг ўз жонига қасд қилгани бўйича бир қанча ҳолатлар аллақачон маълум. Бир москвалик киши чақирув қоғози олганидан кейин ўзини ўлдирмоқчи бўлди. ОАВ унинг қутқариб қолинганини хабар қилганди. Яна икки нафар сафарбар қилинганлар армия ўқув марказларида ўз жонига қасд қилишган.

Краснодарда Walkie номи билан танилган 27 ёшли рэпер Иван Петунин ўзини ўлдирди. У ўлимидан олдин бошқа йўл йўқлигини ёзиб қолдирган: «Урушга бориш ўлдириш ва ўлиш, норозилик билдириш эса "қамоқхонада қийноққа солиниш" деганидир».

Мавҳумлик қўрқуви

Мавҳумлик, келажагингизни тахмин қила олмаслик, тақдирингиз сизга боғлиқ эмаслигини ҳис қилиш - бу оғриқли ҳолат, деб тушунтиради психотерапевт Антон Савин.

«Энг чидаб бўлмас нарса шундаки, одам ўзини ҳаракатдаги агент сифатида ҳис қила олмаса, у sense of agencyни йўқотади", - дейди Савин касбий атамаларини қўллаб. Баъзи одамлар ҳаётларида бирор нарса устидан назоратни тиклашга ҳаракат қилишади, дейди терапевт. Масалан, улар ҳарбий хизматдан қочиш учун чегарада навбатга туришади ёки қишлоққа, бошқа вилоят, мамлакатга жўнаб кетишади.

Ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳам тақдирнинг ўйинчоғи бўлмасликка уринишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Ноаниқликда қолиш шунчалик қўрқинчлики, яхшиси, вазиятни ўз назоратимга олганим маъқул. Келажакни кўра олмаслик жуда оғриқли, у инсон тасаввурида бошқаларнинг ўлимига ёки ўлдирилишга олиб келади. У учун шу ерда ва ҳозир чидаб бўлмас ҳолга келади», - дея ўз жонига қасд қилганлар мантиғини тушунтиради психотерапевт.

Бошқа одамлар мавҳумликдан чиқиш учун атай бутунлай бошқача йўлни танлашади, терапевт буни қуйидагича таърифлайди:

«Агар ҳеч нарса қила олмасам, яхшиси катта ва кучлиларга қўшилиб, менга айтилган нарсани қилишни афзал кўраман». Сафарбарлик масаласида катта ва кучли давлат, уларнинг айтганини қилиш, чақирув қоғозини олиб, ҳарбий хизматга қабул қилиш дегани».

Савин Украина билан урушнинг боши, феврал-март ойларида атрофидагилар орасида янги воқелик билан курашишнинг бу усулига эътибор қаратди.

Сафарбар қилинганлар билан хайрлашув

Сурат манбаси, Donat Sorokin/TASS

Сурат тагсўзи, Сафарбар қилинганлар билан хайрлашув

«Одамлар «Президентнинг қандай ҳаракат қилиш бўйича режаси бор, лекин биз эса ниманидир билмаймиз. Бу ўз даҳшатингиз билан, чалкашлик ва оёқларингиз остидаги ерни йўқотиш билан курашишнинг мутлақо инсоний усули. Янги устунларни қидириш керак. Устун сифатида эса, урушга бориш ғояси яшириниш ғоясидан кўра ёмон эмас. Бу ҳеч бўлмаганда таяниш мумкин бўлган ҳеч бўлмаганда бирон бир тузилмани, маънони эҳтиёжи», дея бу танловни ахлоқий нуқтаи назардан баҳоламаган ҳолда тушунтиради психотерапевт.

Расм

«Кетган одамларни нафақат ҳиссий, балки ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳам ажратиш муҳим. Бу одамлар энг ёши эмас, лекин қари ҳам эмас", - дейди «Левада маркази» социологи Степан Гончаров.

Социолог уларнинг ўртача ёшини 30 ёш деб ҳисоблайди.

«Бу иқтисодиёт учун энг муҳим капитал: йирик шаҳарлардаги тўловларга қодир, етарлича молиявий имкониятга эга ва воқеликка танқидий муносабатда бўлган одамлар»

Ва улар ўз ҳаётларини жуда қадрлашади.

Аммо давлатга қўшилиш истаги ишда ёки машғулотларида ўзини кўрсата олмаган, оз маошли, ўзини тобе ҳис қилувчи одамларга кўпроқ хосдир, деб ҳисоблайди Гончаров. Унинг фикрича, фронтга бориш имконияти улар учун қурилмаган ҳаёти ичида маъноли нарсага ўхшайди. Кўпчилик буни ёрқин, яхши вазифа деб ўйлайди. Ва у ерда ҳаммасини қайтадан бошлаши ва тарихий воқеанинг бир қисмига айланиши мумкин, деган ўйда бўлишади».

«Давлат кўпинча, бу одамларни иш билан таъминлайдиган, катта мақсадларни белгилайдиган ягона асосий институт бўлиб қолмоқда. «Махсус операция» бошлангунига қадар СССРнинг қандайдир катта миссияси бўлгани, ҳозир бизда ўшанинг йўқлиги ҳақидаги афсусни эшитгандим. Бу эса ҳаётнинг «озиқ-овқатга пул топиш ва болани боқчага жойлаш» чегарасидан чиқувчи ўзига хос маъноси», дея тушунтиради социолог.

Ўзингга ўзинг қандай ёрдам бера оласан?

«24 феврал куни Санкт-Петербургдан кетаётган эдим, - дейди Антон Савин. - Одатда поездда пиво ва чипс сотиб оламан. 24-куни менюга қараб, «Байкал»ни жуда хоҳлаётганимни англадим. Мен учун бу болалигимни, дадам билан Ленинградга борганимиз, у менга ширин газсув сотиб олгани ва ўзимни яхши ҳис қилганимни эслатади».

- Яъни, ўзингизнинг асосий эҳтиёжларингизга диққатли бўлишингиз ва ғамхўрлик қилишингиз керак. Ҳеч бўлмаганда севимли таомларингизни истеъмол қилинг. Айниқса, хавотир туфайли иштаҳангиз йўқолган бўлса, - дейди психотерапевт.

Доктор ваҳима кўзғалганда қаттиқ, совуқ, қарама-қарши нарсаларга тегинишни маслаҳат беради: "Агар қўрқсам, дераза олдига бориб, пешонамни ойнага босишим мумкин. Дунё ўз жойидалигини, бошимда томим, оёқларим остида таянчим борлигини ҳис қилиш учун".

Шунингдек, у дўстлар, яқинлар, қариндошлар билан гаплашишни, қўрқувни кимлар биландир баҳам кўришни маслаҳат беради. Бу ақлдан озмаслигингизни, ҳис-туйғуларнинг нормал эканлигини, вазиятга мос келишини ҳис қилишнинг бир усулидир. Ва кейин сиз ҳатто қўрқув, чалкашлик туйғусига таянишингиз мумкин.

- Ўзингизга «ҳа, мен саросимага тушдим - ва бу нормал ҳолат, деб айтинг. Мен ахир ҳеч қачон бундай вазиятда бўлмаганман. Биз темир одам руҳида тарбияланганмиз: ташқаридан ялтироқ зирҳ кўринади ва ичкаридаги нарсаларни бировга кўрсатиш керак эмас» Ва бу ҳамиша ҳам фойдали бўлмайди.

Энди қандай яшаш керак?

«Одамлар бунга мослашади ва кўникади», - дейди Антон Савин.

Психотерапевтга кўра, «Барибир, одамлар бу воқеликда яшашни ўрганадилар. Биз шундай қурилганмиз, ўйин қоидаларини тушунганимизда, янги шароитларда яшашни давом эттирамиз».

Аммо бу янги шароитларнинг камчиликларидан бири - режалаштиришнинг кичик уфқидир.

2020 йилда пандемия туфайли кўплаб режалар барбод бўлган, иш ўринлари қисқартирилган ва йўқолган, ҳаёт кескин ўзгарган. Ва энди ҳаёт янада олдиндан айтиб бўлмайдиган ва уни режалаштириш янада қийинроқ бўлиб қолди.

Бу ҳалокатли эмас, дейди Савин, лекин режалаштириш фақат бир ҳафта олдин амалга оширилса, одам яшашдан кўра, омон қолади.

Мобилизация қилинган эркак поезд деразасидан қўлини силтаб хайрлашмоқда

Сурат манбаси, Andrey Samsonov/TASS

Сурат тагсўзи, Мобилизация қилинган эркак поезд деразасидан қўлини силтаб хайрлашмоқда

"Биз нафақат бир лаҳзалик эҳтиёжларга, балки ўз-ўзини англаш, муносабатларга, тегишлиликка бўлган эҳтиёжларга ҳам кўникиб қолганмиз. Ва энди буларнинг барчаси катта савол остида қолган", дея тушунтиради психотерапевт. Одамлар парчаланади, бошқа мамлакатга жўнашади, ўқиш ва ишни ташлаб кетишади, яқинларидан айрилишади, уларнинг ҳаётдаги барча режалари кескин ўзгаради.

Сафарбарлик пойдеворга тажовуз қилади, хавфсизликсиз ҳаёт қуриб бўлмайди.

"Хавфсизлик - бу менинг мавжудлигимни, қандай жамиятда эканлигимни, ҳаётим қандай кўринишини тушунишдир, - дейди Савин. - Ва бу устунлар ҳозир лиққиллаб қолган".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

линейка