Россия: Калтак ва таҳдид билан одамларни ватанпарвар қилиб бўладими? Rossiya Dunyo Yangiliklar

  • Елизавета Фохт, Наталия Зотова
  • Би-би-си
Иллюстрация

Би-би-си уруш бошланганидан бери Россия хавфсизлик кучлари таҳқирлаш ва қўрқитиш усулларини тобора кўпроқ қўллаётгани ҳақида хабар беради...

Алоқадор мавзулар:

Март ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда полиция Москвадаги барга келувчиларни "Любэ" гуруҳи қўшиғини айтишга мажбурлагани видеоси тарқалди.

Бундан бир кун ўтиб, хавфсизлик кучлари бошқа Москва клубидаги тақдимотни тарқатиб юборди, йиғилганларни масхаралади.

Булар ижтимоий антропологлар "айб ва уят ритуаллари" деб атайдиган ҳолатга иккита муҳим мисолдир.

"Тергов изоляторига тушишни истамадим"

2022 йил апрель ойи бошида Михаил Сухоручкин рус қўшинлари Киев яқинидаги Буча шаҳарчасида тинч аҳолини ўлдиргани ҳақидаги хабарни ўқигач, ҳеч бўлмаганда нимадир қилиш керак деб ўйлади. Ўшанда 18 ёшли бу москвалик йигит Калининградда яшар, Болтиқбўйи федерал университетининг биринчи курс талабаси эди.

6 апрелга ўтар кечаси Сухоручкин уйдан чиқиб, урушга қарши граффитига мос жой қидириб кетди. Унга 1200 гвардиячи ёдгорлиги майдони маъқул келди. Бу ерни Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари шарафига қўйилган биринчи ёдгорлик деб ҳисоблашади (1945 йил кузида очилган).

"Мен ёдгорликнинг ўзига чизмаган маъқул, деб ўйладим, бу хунук эди", дейди Михаил. У ёдгорликни айланиб, расм чизишга мосроқ деворни топди. Сўнг унга Путин ва урушни тенглаштирувчи ёзув қолдирди ва уйига кетди.

Икки кун ўтиб, кечки пайт Сухоручкин яшайдиган квартирага қўнғироқ бўлди. Қўнғироқ қилганлар ўзларини буюртма етказиб берувчи деб таништирди ва Михаил эшикни очди. Остонада полициячилар туришарди. Хавфсизлик кучлари йигитни юзтубан ерга ётқизишди. Тез орада терговчи уларга қўшилди: у тинтув ва жиноят иши очиш тўғрисида ордер олиб келганди. Квартирага гувоҳлар келишди.

Тинтувдан сўнг йигитни Калининграднинг Ленинград тумани полиция бўлимига олиб кетишди. Михаил тезда инкор этиш бефойда, деган қарорга келди: тинтув пайтида хавфсизлик кучлари граффитини у чизганлигини тасдиқловчи етарли далилларни топганди: "Мен ҳақиқатан ҳам тергов изоляторига боришни хоҳламасдим. Балки бу ҳолатда улар мени гаров ёки уй қамоғига қўйиб юборар деб ўйладим. Кейин судда тортишавераман".

Хавфсизлиги учун Михаил полиция бўлими ходимлари нимани истаса шуни қилишга қарор қилди, муҳими улар уни хавф сифатида кўришмаса бўлгани: у Путин ҳақида ёзув қолдирганини тан олди, ҳужжатларни ўқимасдан имзо қўйгандек кўрсатди (аслида ўқишга ҳаракат қилган бўлса ҳам), улар тайинлаган адвокатга ҳам, ҳатто эртаси куни "тергов ҳаракатлари" учун келишга ҳам рози бўлди.

"Мен шундай қилдим, чунки аҳмоқман"

Терговчи сўроқни тугатиб, Михаилнинг паспортини олиб, идорадан чиқиб кетди. Кейин учта одам кирди, улардан иккитасини Леонид ва Константин деб чақиришди. Улар милицияда ишламасликлари, шунинг учун қамоққа олинганлар билан муомала қилиш тартиб-қоидаларига риоя қилишлари шарт эмаслигини айтишди.

Кейинги воқеаларни йигит зўрға эслайди: "Улардан бири терговчи курсисига ўтириб: "Нима қилганингни тушундингми? Кўзойнагингни ечиб қўй. Сени калтаклаймиз, нима десанг ҳам фарқи йўқ, калтаклаймиз."

Михаилнинг айтишича, у улар қилган ишни "калтаклаш" демаган бўларди - агар хоҳласалар, унга янада кўпроқ зарар беришган бўлар эди. Шунга қарамай, эркак таҳдид қилишда давом этди, девор олдида турган талабанинг "бўйнига, елкасига ва ошқозонига мушт билан урди".

Сухоручкин қаршилик қилса, ҳеч қачон бўлимдан озод қилмасликларини биларди: "Мен ҳамкорлик қилишга тайёрдек, вазият тўлиқ уларнинг назоратидадек таассурот қолдиришга уриндим".

Йигит "рус тарғиботи гапларини" такрорлай бошлади. Бу вақтда у бир неча бор йиғлаб юборди. Кейин хонадаги эркаклар видеокамера чиқариб қўйишди. "Бу жуда ғалати эди. "Камерага қараб, буни айт" деса ҳам бўларди. Лекин мен синиб, тарғибот гапларни гапира бошлаганимда, улар камерани қўйишди... Ижтимоий шартнома назариясини биласизми? Бу жуда бузуқ ўзаро тушуниш лаҳзаси эди. Улар мендан нимани хоҳлаётганликларини тушундим."

Кечирим сўраб гап бошлаганди, чиқмади, йиғлаб юборди. Бу вақтда хавфсизлик ходимларидан бири - Константин ўзини "яхши полициячи" қилиб кўрсатиб, бошқа эркаклардан хонани тарк этишларини сўради, Михаилга яна уриниб кўришни айтиб, камерани ёқди.

Олинган видео "ватанпар" Telegram каналларидан бирида ҳамон бор, у сўроқдан бир неча кун ўтиб эълон қилинган. Унда бўшашган Михаил қўлларини орқасида ушлаб турганча кўринади. "Бошладик", деган овоздан сўнг гапира бошлайди. Шундан сўнг, талаба дудуқланиб ўзини "аҳмоқ" деб атайди ва "бузғунчи қилмишидан" тавба қилганини айтади: "Ҳаётий тажрибам оз, бузуқ ва ишончсиз манбалардан олинган хабарларга ишониб қолганман". Сўнг у ватанпарвар ташкилотларга қўшилишга ваъда беради ва Путиннинг Украинадаги "нацизмга қарши" ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ҳақида гапиради.

Иллюстрация

Видеони ёзиб бўлгач, улар Михаилни уйига қўйиб юборишди. Константин унга эртасига келиши кераклигини айтган ва негадир талабадан 13 та чиннигул олиб келишни сўраган. "Мени ҳайкал олдига гул қўйиб, камерага айтган сўзларимни такрорлашга мажбур қилишса керак деб ўйладим. Шундай қилиб, мен либерал демократик қадриятларга ишонмаслигимни, шунчаки аҳмоқлигимни гапираман."

Талаба яна узр сўрашга ҳам, хавфсизлик кучлари билан яна мулоқот қилишга ҳам тоқати етмаслигини англади: "Мен тушундимки, ё ёлғон гапиришни давом эттиришга мажбур бўламан ёки позициямни ўзгартирсам, бу одамлар билан яна учрашаман". Михаил чиннигуллар сотиб олмади. 9 апрелга ўтар кечаси у Калининграддан пиёда чиқиб кетди (автобус ёки самолёт чипталарини сотиб ололмади, терговчи паспортини қайтариб бермаганди) ва уч кундан кейин Польша билан чегарага етиб олди.

Ўша пайтда хавфсизлик кучлари ҳам, адвокат ҳам, онаси ҳам Михаилни йўқотиб қўйди: онаси кичик болалари билан Москвада яшайди. "Север.Реалии" лойиҳаси (Россияда "хорижий агент" сифатида тан олинган) Сухоручкиннинг онаси уч кундан бери ўғлининг қаердалигини билмаслиги ҳақида ёзди. Она ўғлининг узр сўрагани ҳақидаги видеони даҳшат билан томоша қилди ва видеода Михаилнинг "жуда қўрққан" қиёфада турганини дарҳол англади.

Михаил Польша чегарачиларига таслим бўлиб, сиёсий бошпана сўради. Ҳозир у Францияда яшаяпти.

Чеченистондан Москва барларигача

Михаил Сухоручкин билан содир бўлган воқеа ижтимоий антропологияда "айбдорлик ва уят ритуали", деб аталади. Қонунга асосан жазолаш учун тайинли сабаб бўлмаганда ёки бўлганда ҳам жазо енгилдек туюлганда хавфсизлик кучлари судни четлаб ўтиб таъсир кўрсатиш учун ундан фойдаланади. Би-би-си 2021 йилда бу амалиёт Россиянинг кўплаб ҳудудларида тарқалгани ҳақида батафсил ёзган эди.

Камера олдида узр сўратиш одатда Шимолий Кавказ ва, айниқса, Чеченистонда кенг тарқалган. Оммавий тазаррунинг биринчи чинакам шов шувли намунаси 2015 йил декабрь ойида реабилитация маркази ходимаси Айшат Инаева билан содир бўлган эди - у республика раҳбари Рамзан Қодировни "хўжакўрсинга" иш қилишда айблаган ва кейин ундан шахсан кечирим сўрашга мажбур қилинганди. Аслида, бу усул Чеченистондан ташқарида ҳам кенг тарқалган.

Сўнгги йилларда Россия хавфсизлик кучлари одамларни норозилик намойишларида қатнашгани, коррупция, тўйдаги отишма, коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатгани ва ҳатто ҳазиллашгани учун камера олдида кечирим сўрашга мажбур қилди. Россияда бу амалиётнинг қонунийлиги ўрганилмаган. 2021 йилда "Ҳуқуқий ташаббус" ташкилоти (Россия ҳукумати томонидан "хорижий агент" сифатида тан олинган) ингушетиялик бир инсон манфаатларини кўзлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ЭҲМ) шикоят қилган ва ушбу қўлланган усулнинг қонунийлигини баҳолашни сўраган эди. Бу борада ҳали қарор қабул қилинмаган, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари Би-би-сига.

"Айблаш ва уялтириш ишларидан икки мақсад кўзланади: биринчиси, маълум бир одамни таҳқирлаш, иккинчиси - жамиятга сигнал бериш. «Петя Иванов жуда нотўғри иш қилди, Петя Ивановга ўхшаманг", дейди антрополог Александра Архипова Би-би-сига.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, хавфсизлик кучлари бундай "ритуаллар"ни тез-тез қўллай бошлади. Ўтган йил май ойида ижтимоий тармоқларда Украинанинг босиб олинган ҳудудлари аҳолиси Россия армиясидан кечирим сўрагани видеолари пайдо бўлди (улардан бирида бир украиналик "денацификация" курсидан ўтганини айтди).

Томск вилоятида мэрия биноси олдида урушга қарши стикерларни сочган эркак видеода узр сўрашга мажбур қилинди ва "Россия қўшинлари Украинада фашизмга қарши курашмоқда ва тўғри қиляпти" деб айтди.

Қримда интернетда узр сўраган татуировкачи уста мижозининг сўрови билан "Қрим - бу Украина" деб ёзган экан. Украин вишиванкасида тушган суратини ижтимоий тармоққа жойлаштиргани учун "қуролли кучларни обрўсизлантириш"да айбланиб, жаримага тортилган Первоуралсклик ўқитувчи ҳам омма олдида тавба тазарру қилишга мажбурланган.

Худди шундай таҳқирлашлар Москвада март ойидаги бир дам олиш кунида икки марта кузатилди: 17 март, жума куни кечқурун полиция Underdog ва La Virgen барларига келиб, бар жамоаси ва меҳмонларни "Любэ" гуруҳининг "Березы" қўшиғини куйлашга мажбур қилди. Кейинчалик ҳодисага гувоҳ бўлганлар электрошокер билан қўрқитиб, мажбуран қўшиқ айттиришганини сўзлаб берган эди. Бунгача ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бар мижозларидан бирини эшикка "Z" ҳарфини ёзишга мажбурлаган.

Иллюстрация

Ва 19 март, якшанба куни хавфсизлик кучлари "ҳарбий фейклар" иши бўйича деярли бир йилдан бери тергов изоляторида ўтирган рассом Саша Скочиленко комикслари тақдимоти пайтида рейд уюштирди. Улар "Очиқ майдон"да ҳозир бўлганларни юзини ерга қаратиб ётқазишди, ҳеч кимга ҳеч нарса кўрсатишмади. Фақат Скочиленконинг дўсти Алексей Белозеровга рухсатсиз китоб сотгани учун маъмурий баённома тузилди.

Полиция суддан ташқари ҳаракат қилгани аниқ. Белозеровнинг айтишича, улардан бири уни "петух" деб атаган ва бўш автозакка олиб бориб, у ерда бир неча марта урган. "Унга менинг бўялган сочларим ва гапириш оҳангим ёқмаган", дейди Белозеров Би-би-си билан суҳбатда.

Бу ҳол Кэссидининг ҳам бошига тушди: у трансшахсиятли бўлиб, ўзига аёл сифатида мурожаат қилишларини сўрайди. "Мен унчалик рисоладагидек кўринмайман: сочларим бинафша рангда, пирсинг қўйганман. Олдимга келиб, йигитмисан ё қизми, деб сўрашди. Мен йигит эканлигимни айтдим, шу хавфсизроқ туюлди. "Кўп гомофобик ҳужумлар бўлган. Улар менинг педагогика университетида ўқиётганимни билишди: "Ўқитувчи бўласанми, болалар билан ишлайсанми? Шу бурнингдаги халқа билан а?" деб сўрашди. Мен уларга "Ўзингизнинг юзингиздаги ниқоб-чи дедим?"

Тақдимотга келганлар юзтубан ерга ётқазилди. Кэссиди: "Юраётганимда вақти-вақти билан тепишгандек туюлди, балки бу тасодифан содир бўлгандир", деб эслайди.

У милициянинг Алексей Белозеровга нисбатан зўравонлигига гувоҳ бўлди: "Бизни машинага олиб боришганида, офицер Алексейга ҳужум қила бошлади. Қорнига урди, лекин қаттиқ эмас ".

Кессиди полициячининг сўзларини эслайди: "Биз истаганимизни қиламиз ва бизга ҳеч нарса бўлмайди".

"Мен уларнинг ихтиёрида эканимни ҳис қилдим, - деб тан олади Кэссиди. - Бу мени жуда қаттиқ жароҳатлади. Менда шундоқ ҳам ваҳима бор эди, даволаб кетгазгандим. Ҳозир эса қўриқчиларга, полицияга қарайман, доимо нимадир жойида эмасдек туюлади. Ёнимга ниманидир солиб қўйишгандек, университетда буни билиб қолишадигандек туюлаверади. Кафедрадан чиққанимда метрога ёлғиз боришдан жуда қўрқардим".

Алексей Белозеров Саша Скочиленконинг комикслари тақдим этилган хонадаги эълонлар тахтасига милиция ходимлари "Украина Россияники", "Москва полицияси энг зўр" деган ёзувлар ёзилган қоғозларни илиб қўйишганини кўрди.

Қолганлар овозини ўчириш учун қўрқитиш

Украина уруши атрофида зўравонлик ҳалқаси яратилмоқда, дея тушунтиради антрополог Александра Архипова: "Одамлар зўравонлик қила бошлайди, чунки уларнинг атрофидагилар ҳам шундай қиляпти. Милиция бўлимида 10 та ходимдан 7 таси маҳбусни урса, калтакласа, таҳқирласа, қолган учтаси ҳам бунга қўшилади, чунки бу билан жазоланмаслигини билади". Шунинг учун ҳар қандай урушлар жамиятда зўравонлик авж олишига олиб келади, дея қўшимча қилади у.

Айбдорлик ва уят ритуалларида одамлар таҳқирланади ва кечирим сўрашга мажбурланади - жамиятдан эмас, ҳокимиятдан кечирим сўратилади, дейди Архипова. Одамларни ўзлари истамаган ишни қилишга мажбурлаш - масалан, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар куйлатиш, ўзини аҳмоқ деб айттириш, рус армиясини мақтатиш таҳқирлашнинг бир кўринишидир.

Милиция Underdog ва La Virgen барларига бостириб киргандан бир кун ўтиб, уларнинг эгалари "биз туфайли вақтларини кетгазиб, бу ерга келиб овора бўлганликлари" учун деб кечириб сўрашди.

Мурожаатни уларнинг адвокати Константин Ерохин эълон қилди. "Улар менга биз ўзимизни ўнглаб олдик, узр сўрадик, деб ёзишади. Мен учун асосий нарса инсон ҳаёти ва саломатлиги, деб ўйлайман", дейди у Би-би-сига.

"Ҳуқуқ-тартибот идораларига аҳоли солиқлари билан кун кўрадиган ва одамларни ҳимоя қилиши керак бўлган гуруҳ сифатида қаралмайдиган бўлиб қолган, - дейди Архипова. - Уларга подшоҳга бўйсунадиган соқчи, махсус гуруҳ сифатида қаралади".

Иллюстрация

Сурат манбаси, ...

"Россия-24" телеканалида хавфсизлик кучларининг Москва барларига боргани ҳақида хабар берилди, ва унда полициянинг ўзи олган видео кўрсатилди: барда "Нега қайин дарахтлари Россияда шовқин қилмоқда" қўшиғи янграйди ва Қора ниқобли полициячи мижозларга қичқиради. Босим остида бар ходимлари дарҳол ватанпарварлик йўлига ўтади", дейди телебошловчи кулиб ва бар эгалари Украина Қуролли Кучларига пул ўтказгани учун жиноий жазога тортилишини қўшимча қилади.

Хабар қилинишича, хавфсизлик кучлари "Украина Қуролли Кучларини молиялашда айрим муассасалар иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги гумон туфайли" борган. Давлат телевидениесида такрорланган бу айбловдан, айниқса, адвокат ғазабланади. "Биз ФСБ билан бир биримизни яхши тушунамиз. Агар бирор нарса бўлганида, июль ойидаёқ бизни қамашарди, - дейди адвокат Ерохин. - Аммо ОАВ маълумотни шу тарзда тақдим этади ва одамлар ғазабланган жамият қаршисида қолади."

Антрополог Александра Архипованинг фикрича, хавфсизлик кучлари томонидан ёзиб олинган видеолар оммавий ахборот воситалари ва интернетда пайдо бўлаётгани тасодиф эмас. Бундай оммавий чиқишлар таҳқирлашнинг муҳим қисмидир.

"Классик тоталитар тизим бор эди - Сталинники. Замонавий ахборот автократиялари бундай ишламайди", дейди Архипова.

Россияда оммавий репрессия механизми йўқ, дея қўшимча қилади у. Аммо одамларни қўрқитиб туриш керак, шунинг учун айблаш ва шарманда қилиш жуда кенг тарқалган. Бундай ҳолда, ҳатто мустақил ОАВ ҳам ана шундай воқеалар ҳақида хабар бериб, ўзи билиб билмай қўрқувни кучайтиришга хизмат қилади.

Милициянинг бундай хатти-ҳаракати ҳокимият иерархиясини кўрсатиб қўйишнинг жуда табиий амалиёти, дейди психолог Полина Солдатова Би-би-сига: "Бу ҳукмрон эканлигингиз ва бунга ҳаққингиз борлигини кўрсатишнинг бир усули. Бу каби ҳолатлар кучайиши мумкин, чунки хавфсизлик кучлари орасида жазосизликни ҳис қилиш аввалгидан ортган. Бу жамият қандай ўзгариб бораётгани билан боғлиқ: кўпроқ ҳокимиятга эгалар [янги] қоидаларни шакллантиради ва жамиятнинг айрим табақалари ўз кучини намойиш қилиш ҳуқуқига эга бўлади."

"Бу ерда муаммо шундаки, агар [зўравонлик] даражаси аста-секин кўтарилса, одам шунга мослашади. Аслида, инсон ҳамма нарсага мослашишга тайёр ва бу энг ачинарлиси", дея қўшимча қилади психолог.

Денис Королев иллюстрацияси.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002