Украина контр-ҳужуми муваффақиятли бўлиши учун нима керак? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

  • Франк Гарднер
  • Би-би-си хавфсизлик мухбири
MIHAIL OSTROGRADSKI 35TH BRIGADE/ANADOLU AGENCY VI

Сурат манбаси, MIHAIL OSTROGRADSKI 35TH BRIGADE/ANADOLU AGENCY VI

"Буни контр-ҳужум деб атаманг, - дейди украиналиклар. - Бу бизнинг ҳужумимиз. Бу ниҳоят россияликларни юртимиздан қувиб чиқариш имконияти."

Яхши, аммо бу мақсадга эришиш учун нима керак?

Алоқадор мавзулар:

Аввало, Украина Донецкдаги ёки Запарожьедаги ярим ташландиқ қишлоқларни қайтариб олиб, майдароқ ҳудудларни қўлга киритаётгани эътиборимизни чалғитмаслиги керак.

Ойларча давом этган ўзгаришсиз урушдан кейин украин аскарлари ўзларининг мовий сариқ байроқларини ўқ илма тешик қилиб юборган бино тепасига кўтаргани ва унинг тасвири украиналикларни руҳлантириши тайин.

Аммо катта стратегик манзарада бу бир кичкина қисм холос.

Бу ҳужумларда Россия эгаллаб турган ва энг муҳим ҳудуд жанубда Азов денгизи ва Запарожье шаҳри ўртасидаги ҳудуддир.

Бу Россия ноқонуний эгаллаб турган Қрим билан боғловчи "қуруқлик йўлаги" бўлиб, қуйидаги харитада пушти ранг билан белгиланган ҳудуддаги вазият ўтган йил босқин бошланган илк ҳафталардан бери ўзгаришсиз қолмоқда.

Агар Украина ана шу ҳудудни эгалласа ва уни икки қисмга бўлиб юборса, бу ҳужумни муваффақиятли бўлди деб айтиш мумкин.

Бу ғарбдаги Россия кучларини яккалаб қўяди ва Қримдаги гарнизонни таъминлаш қийинлашади.

RUSSIAN DEFENCE MINISTRY/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Сурат манбаси, RUSSIAN DEFENCE MINISTRY/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Бу урушга нуқта қўймайди албатта - айримлар тахминича бунга йилларча керак бўлади - аммо бу тинчлик музокаралари бўлса, Украинанинг позициясини анча мустаҳкамлайди.

Аммо руслар ҳам харитага қараб айни шу хулосага келиб қўйишган.

Украина ўз аскарларини машғулотлар учун НАТО давлатларига юбориб, ёзги ҳужумлар учун 15 та бригадани тайёрлаган экан, Москва эса бу вақтда "дунёдаги энг мустаҳкам мудофаа истеҳкомлари" дея таърифланган иншоотларни қурди.

Украинанинг соҳилга - ўзига тегишли соҳилга томон йўлини тўсиш учун қатлам-қатлам миналар ётқизилди, танк йўлини тўсувчи бетон блоклар терилди, бункерлар қурилди, ўт очиш позициялари ва Leopard 2 ёки M1 Abrams танкларини тўхтатиб қоладиган кенгликдаги ҳандақлар қазилди.

Украинанинг зирҳли техникаси, уларнингт экипажи ва муҳандислари мудофаани ёриб ўтишга уринаётганда снарядлар остида қолиши учун уларнинг бари артиллерия билан уриш мумкин бўлган узоқликда жойлашган.

Ҳали ҳужумлар бошланишининг илк палласидаёқ Россия мудофааси ҳозирча бузилгани аломатлари йўқ.

Украина ҳам ҳозирча асосий кучларини ташлагани йўқ - ҳозиргача бўлган ҳужумлар асосан Россия артиллерияси жойлашган ерларни ва заиф линияларни аниқлаш учун синов ҳужумлари бўляпти.

Украина томонда руҳият кўтаринки. Унинг аскарлари анча ғайратли ва ўз юртини босқинчидан тозалаш ва озод қилиш учун курашаётганини билади.

Россиянинг аксар аскарларида бундай кўтаринкилик йўқ ва кўп ҳолларда уларнинг тайёргарлиги, техникаси ва бошқаруви Украинаникидан заифроқ.

Киевдаги Бош штаб агар улар етарлича ютуққа эришса, Россия томонидаги тушкунлик тез кучайиб, бутун фронт бўйлаб тарқалиши ва рус кучларида урушишга бўлган хоҳиш сўнишига умид қилмоқда.

НАТО давлатлари берган техниканинг сифати ҳам Украина фойдасига. Советлар ишлаб чиққан эски зирҳли транспорт воситаларидан фарқли ўлароқ, НАТО танклари ва пиёда жанговар машиналари кўпинча тўғридан-тўғри зарбага дош беради ёки ҳеч бўлмаганда ичидаги экипажни ҳимоя қилиш учун етарли.

Аммо бу Россия артиллерияси ва дронларига қарши туриш учун етарлими?

Президент Владимир Путин урушни чўзишни истайди.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Президент Владимир Путин урушни чўзишни истайди.

Россия анча катта давлат сифатида Украинадан кўра кўпроқ ресурсларга эга. Бу урушни биринчи бўлиб бошлаган Президент Владимир Путин биладики, агар у урушни келаси йилгача чўзса, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар бу қимматга тушаётган урушда Украинани қўллаб-қувватлашдан чарчашлари ва ўт очишни тўхтатиш бўйича муросага эришиш учун Киевга босим ўтказа бошлашлари мумкин.

Ниҳоят, ҳаво дастаги бор ёки йўқлиги масаласи. Етарлича ҳаво кучлари ёрдамисиз мустаҳкам ўрнашган душманга ҳужум қилиш жуда хавфли.

Украина буни билади, шунинг учун ҳам узоқ вақтдан бери Ғарбдан унга F16 қирувчи самолётларини етказиб беришни сўраб келяпти.

Бу учоқларни ишлаб чиқарувчи Қўшма Штатлар май ойи охиригача, яъни Украина ҳужумининг биринчи, тайёргарлик босқичи бошлангунча бунга яшил чироқ ёқмади.

Украина учун жуда муҳим, уруш суръатини ўзгартирувчи F16лар энди жанг майдонига жуда кеч етиб келиши мумкин, ваҳоланки айни шу техника қарши ҳужумнинг дастлабки босқичларида муҳим роль ўйнаши мумкин эди.

Бироқ бу украиналиклар ютқазади дегани эмас.

Улар ўзларининг эпчилликлари, топқирликлари ва зукколикларини қайта-қайта намойиш қилдилар. Улар рус армиясини Херсондан ҳайдаб чиқарибгина қолмай, уларнинг орқадаги логистика марказларига шу қадар зарба беришдики, руслар жанубий шаҳарда ўз қўшинларини қайта таъминлашлай олмай қолди.

Британиянинг "Storm Shadow" қанотли ракетаси каби узоқ масофали қуроллар билан жиҳозланган Украина энди ҳам худди шундай қилишга ҳаракат қилади.

Аммо даъволар ва қарши даъволар билан кечаётган пропаганда ичида бу урушда ким ғалаба қозониши мумкинлиги ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун ҳафталар ёки ҳатто ойлар ўтиши мумкин.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.