Путин Россиялик аёллар кўпроқ бола туғишига қандай эришмоқчи? Yangiliklar

  • Виталий Шевченко
  • Би-би-си мониторинг
abortga qarshi guruh

Сурат манбаси, Alamy

Россия ҳукумати демографик инқирозни юмшатиш учун абортни чеклашга уринмоқда.

Бунинг учун аёлни аборт қилдиришга ундаш, шунга тарғиб қилишни тақиқлаш ва хусусий клиникаларга аборт қилишни камайтириши учун босим ўтказиш чоралари кўрилади.

Феминист гуруҳлар бу каби чоралар аёл ҳаётини ҳавфга қўйиши мумкинлигини айтмоқда.

Кремл билан яқин алоқада бўлган Рус православ черкови эса абортга қарши кампанияда муҳим роль ўйнамоқда.

"Руҳоний сифатида гувоҳлик бераманки, аборт аёллар учун фалокат ва фожиадир", деди черковнинг Кремль томонидан қўллаб-қувватланадиган раҳбари Патриарх Кирилл 2023 йил январь ойида.

namoyish

Сурат манбаси, Urals Feminist Movement

"Расмийлар, ўта ўнг сиёсатчилар ва черков аёллар ва қизларни исталмаган болаларни дунёга келтиришга фаол мажбурламоқда", дейди аборт ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кичик норозилик намойишларини уюштирган Урал Феминистик ҳаракат гуруҳи.

"Бу ташаббуслар ноқонуний абортлар сони кескин кўпайишига ва жуда кўп аёллар ногирон бўлиши ёки ўлишига олиб келади."

Турғун аҳоли сони турғунлашуви

iqtibos

Россия аҳолиси сони 20 йилдан буён ўзгармай турибди. Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда 144 миллион аҳоли истиқомат қилади - бу президент Владимир Путин ҳокимиятга биринчи келган 2001 йилдагидан 2 миллионга кам.

Диний идоралар айтишича, демографик инқирознинг асосий сабаби абортлар сони кўплигидир. Россиялик аёлларнинг деярли учдан бир қисми ҳаётида бир марта бўлсин аборт қилдирганини айтади.

2022 йилда Россияда 500 мингдан ортиқ ҳомиладорлик тўхтатилган бўлса, туғилган болалар сони 1,3 миллионни ташкил этган. Путин буни "ўткир муаммо" деб атади.

"Аҳолини осон кўпайтириш мумкин: агар биз бу муаммони ҳал қилсак ва аёлларни аборт қилишдан қайтара олсак, статистика дарҳол кўтарилади", деди Патриарх Кирилл.

Расмийлар ёшлар, айниқса, эркаклар сони камайиши Россия армиясига аскар ёллашни қийинлаштиришидан хавотирда. Аҳоли сони турғунлашувининг иқтисодий оқибатлари ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд.

inqiroz

Сурат манбаси, Getty Images

Россиялик феминистлар армия ва иқтисод манфаати учун аёллар ҳуқуқлари чекланаётганини айтади. "Уларга янги солиқ тўловчилар керак, уларга янги аскарлар керак", дейди Россия феминистик ассоциациясидан Мария Мюллер Би-би-сига.

Давлатнинг аборт олдини олиш бўйича сиёсати

Мамлакат қонунлари бу масалада қоғозда дунёдаги энг либерал қонунлар қаторида бўлса ҳам, ҳукумат абортни норасмий чеклашга интилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларига аёлларни аборт қилишдан қандай самарали қайтариш ҳақида кўрсатмалар ишлаб чиқди. Шифокорларга 18 ёшгача бўлган ҳомиладор аёллар агар туғса, болалари билан яхши тил топишиши, чунки улар амалда бир авлод ҳисобланишини айтиш тавсия қилинган.

Агар ҳомиладор аёл ёлғиз бўлса, шифокорлар унга "боланинг туғилиши келгусида ўзига жуфт топишга тўсқинлик қилмаслигини" айтишлари керак.

Шу билан бирга, расмийлар аборт учун ишлатиладиган дори-дармонларни сотишни чекламоқда, уларнинг савдоси ўтган йили 50% дан ошган. 2024 йил сентябрь ойидан бошлаб дорихоналар бундай дорилар сотувини махсус маълумотлар базаларида рўйхатдан ўтказиши шарт.

Ҳукумат, шунингдек, ҳомиладор ва туғруқдан кейинги аёлларга моддий рағбатлар, жумладан, 524,500 рубль (5,830 доллар)гача бўлган тўлов таклиф қилмоқда, бу эса мол-мулк сотиб олиш ёки ўқишга ҳақ тўлаш учун ишлатилиши мумкин.

Россияда абортларнинг бешдан бир қисми хусусий клиникаларда амалга оширилади. Диний идоралар уларга абортни тўхтатиш учун босим ўтказмоқда.

"Мен руҳоний сифатида гувоҳлик бераманки, аборт аёл ва унинг яқинлари учун ҳалокат ва фожиадир", деди Патриарх Кирилл.

krill va putin

Сурат манбаси, Getty Images

Россиянинг 10 вилояти губернаторлари хусусий клиникаларнинг аборт қилишини тўхтатишга уринмоқда.

Украинанинг аннекция қилинган Қрим вилояти ноябрь ойи бошида хусусий клиникалар аборт қилишни тўхтатган биринчи ҳудуд бўлди. Бир неча кундан кейин Курск вилояти унга эргашди, бу ерда ҳар бешта хусусий клиникадан тўрттаси энди бу хизматни кўрсатмайди.

Хусусий клиникаларда аборт қилиш имкониятини чеклаш аёллар саломатлигига зарар келтиради, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти Любов Ерофеева Би-би-си Рус хизматига.

Курск вилояти губернатори ўринбосари Андрей Белостоцкий буни "муҳим воқеа" деб атади, чунки ҳомиладорликни тўхтатмоқчи бўлган деярли барча аёллар давлат шифохоналарига боришлари керак. У ерда расмийлар "бу аёллар билан фаол ишлайди" ва уларни ўз фикрларини ўзгартиришга ҳаракат қилади. . .

"Абортга ундаш"ни тақиқлаш

Патриарх Кирилл томонидан таклиф қилинган ва Россиянинг баъзи ҳудудларида аллақачон амалга оширилган яна бир ташаббус - бу "абортга чақирувларни" тақиқлашдир.

"Бизга кўпроқ одамлар керак. Бу ҳамма, ҳам сиёсатчилар, ҳам социологлар томонидан тан олинган аниқ ҳақиқат", деди Патриарх Православ черкови йиғилишида. "Аммо бунинг учун аниқ ҳаракатлар қилиш керак", дея қўшимча қилди у.

Мисол тариқасида, патриарх Мордовиянинг ғарбий минтақасини келтирди. У ерда ҳомиладор аёлни аборт қилишга ундаганлик учун 200 минг рублгача (2250 доллар) жарима белгиланган. Унга кўра, бундай тақиқлар бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши керак.

Мутахассислар абортга қарши кампания хавфсизроқ тиббий абортлар олдини олиш орқали аёллар саломатлигига зарар етказишидан хавотирда.

"Бу дори орқали қилинадиган абортга зарба бўлади, чунки бу усул хусусий клиникаларнинг кўпчилиги томонидан тарғиб қилинади. Улардаги муолажаларнинг 80% дан ортиғи дори воситасидаги абортдир, давлат клиникалари эса асосан жарроҳлик йўли билан аборт қилади", дейди ЖССТ вакили Ерофеева хоним.

"Жарроҳлик абортлари асоратлар, ножўя таъсирлар ва жароҳатлар хавфини оширади. Шунинг учун бутун дунё улардан узоқлашмоқда".

Ерофеева хоним, шунингдек, қонуний абортларни тақиқлаш хавфли ноқонуний процедуралар кўпайишига олиб келишидан хавотирда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002