Қирғизистон АҚШни Ғазода “телбалик” ва “геноцид”ни тўхтатишга чақирди

oila

Сурат манбаси, Majdi Fathi/BBC

Қирғизистон ҳукумати АҚШ ва халқаро ҳамжамиятни Ғазода давом этаётган "телбалик ва геноцидни" тўхтатишга чақирди. Марказий Осиё давлатлари шу вақтгача Исроил-Ғазо урушида зўравонликни тўхтатишга чақирганди, бироқ Қирғизистон бу сафар Исроил ва АҚШни кескин танқид қилди.

Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Эдил Байсалов дунё олти ойдан бери Ғазо аҳолисининг "тизимли равишда йўқ қилинишига" гувоҳ бўлаётганини айтди.

"13 минг бола ўлдирилди. БМТнинг 165 ходими ҳалок бўлди. 95 журналист ўлдирилди. Уларнинг аксари мақсадли равишда ўлдирилди. Бунинг ҳаммаси ҳужжатлаштирилди! 2024 йил биз жонли эфир орқали геноцидни кузатяпмиз. Жонли эфир орқали 2 миллион фаластинлик қандай қилиб очликдан азоб чекаётгани ва дунё ҳеч нарса қилолмаётганини кўрмоқдамиз", деган у.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ташкил қилинганига 80 йил тўлиши билан ташкил қилинган фото кўргазмада қатнашган Бош вазир ўринбосари Қирғизистон терроризмни қоралашини ҳам таъкидлаган.

iqtibos

"Қирғизистон терроризмни қоралайди. Октябрда биз Исроил тинч аҳолисига ҳужумларни қораладик. Биз Исроил халқининг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан оламиз, аммо яҳудуй ҳукуматининг ўзини халқаро ҳуқуқ ва БМТдан юқори қўйишга ҳаққи йўқ. Қирғизистон халқаро ҳамжамиятни, аввало, Исроилнинг бош ҳомийси АҚШни ушбу телбалик ва геноцидни тўхтатишга чақиради"

Марказий Осиё давлатлари бундан олдин минтақадаги можарога барҳам бериш кераклиги ҳақида баёнотлар берганди.

Ғазодаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужумдан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирганди.

"Можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирамиз", дейилганди Ўзбекистон ТИВ чиқарган баёнотда.

Блинкен: Бутун Ғазо аҳли кескин озиқ-овқат етишмаслигидан дуч келди

bola

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазонинг барча 2 миллион аҳолиси "кескин озиқ-овқат етишмаслигини ҳис қилаётганини" айтди.

Би-би-си саволига жавоб берган Блинкен илк маротаба барча аҳоли бу каби таснифланаётганини таъкидлади.

АҚШ мулозими Исроилни муҳтожларга ёрдам кўрсатишни биринчи ўринга қўйишга чақирди.

БМТ агентликларининг маълум қилишича, жанглар тўхтатилиб, ёрдам кўпайтирилмаса Ғазо май ойида очарчиликка дуч келиши мумкин.

Блинкен Яқин Шарққа сафари олдидан гапирган. Оташкесимга эриши учун ҳаракатлар давом этаркан, бу АҚШ мулозимининг октябр ойидан бери минтақага олтинчи ташрифи бўлади.

Исроил музокарачилари сешанба куни Қатарда Ҳамас билан жангларни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини етказиш ва Исроил тутқунларини озод қилиш бўйича музокараларни қайтадан бошлайди.

Блинкеннинг баёноти Ғазода инсоний инқироз кўламини тасвирлаш учун энг кучли ифодалардан бири бўлди.

"Ҳурматга лойиқ кўрсатгичларга кўра, Ғазонинг 100% аҳолиси озиқ-овқатнинг кескин етишмоқчилигига дуч келган. Бу бутун аҳоли шундай таснифланган илк ҳолатдир", деган у.

ochlik

Сурат манбаси, Mohammed Shahin/BBC

Байден Нетаняҳуга нима деди?

Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Салливаннинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан суҳбатда Ғазодаги тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сонининг ортиб боришидан хавотир билдирган.

Салливаннинг айтишича, Байден Исроилга ва унинг Ҳамасни таъқиб қилиш ҳуқуқига содиқлигини тасдиқлаган. Аммо у, шунингдек, Исроил ҳарбийлари уруш давомида миллион одам қочган Рафаҳга бостириб кирса "хато" бўлишини ҳам айтган.

"Бостириб кириш янада кўпроқ бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлади, шусиз ҳам оғир бўлган инсоний инқирозни кучайтиради, Ғазода анархияни чуқурлаштиради ва Исроилни ҳалқаро миқёсда янада ихоталайди", деган АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Салливан.

У Байден суҳбатда Нетаняҳуни Ғазода "аниқ стратегик мақсад"га йўналтирганини билдирди.

Ҳамас бошқарувидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, уруш бошлангандан бери 31 000 дан зиёд оддий фаластинлик ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганлар сони халқаро норозиликка сабаб бўлди ва Исроилнинг кўплаб иттифоқчиларини узоқлаштирди.

15 март: Ҳамас шартини айтди, Исроил энди сулҳ имконияти тушиб кетди демоқда

Ғазо қирғоқларида 200 тонна озиқ-овқат ортилган баржани шатакка олган кема кўринган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ғазо қирғоқларида 200 тонна озиқ-овқат ортилган баржани шатакка олган кема кўринган

Ҳамас воситачиларга ўзи айтаётган "кенг қамровли қарашини" тақдим қилгач Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазода сулҳ имкониятларини пасайтирди.

Нетаняҳу идорасининг айтишича, Ҳамас ҳамон "ҳақиқатдан узоқ талабларни қўймоқда".

Ҳамас урушни буткул тўхтатишни ва Исроил Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишини хоҳламоқда.

Пайшанба куни тунда Ғазонинг Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёрдам кутаётган 20 одам ўлдирилганини айтди. Исроил бунга алоқаси йўқлигини айтмоқда ва қуролланган фаластинликларни оломонга қарата ўт очишда айблаган.

Ҳодиса Ғазо шаҳри жанубий четидаги Кувайти йўл айланасида содир бўлган. Бу жой шимолий Ғазо аҳли учун ташланадиган кичик ёрдам нуқтаси сифатида машҳур. БМТга кўра бу минтақада болалар тўйиб овқатланмасликдан нобуд бўлмоқда ва очарчилик яқинлашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги хабарида айтилишича, ҳодисада 155 киши жароҳат олган. Ҳужумдан яраланганлар Ғазо шаҳридаги Шифо касалхонаси ерида ётмоқда ва тиббиёт ходимлари жароҳатланган кўплиги ва улар олган жароҳатларнинг турларини аранг бартараф қилишмоқда.

Исроил Мудофаа кучлари баёнотида шимолий Ғазога 31 та ёрдам ортилган юк машиналарини ўтказгани айтилади.

"Гуманитар коридорга карвон келишидан тахминан бир соат олдин, ёрдам карвонини кутаётган ғазолик тинч аҳолига қарата қуролланган фаластинликлар ўт очишди", дейилади унда.

iqtibos

Оломон юк машиналирини талаётган вақтда отиш давом этди ва айрим одамлар қочиб кетди, дейди ИМК. Исроил армияси ҳодисани ўрганаётганини қўшимча қилган.

Бу орада Ғазо қирғоқларида 200 тонна озиқ-овқат ортилган баржани шатакка олган кема кўринган. Бу денгиз орқали ёрдам етказиш лойиҳаси доираси амалга оширилмоқда.

Испаниянинг Open Arms хайрия ташкилотига тегишли қутқарув кемаси баржани шатакка олган. Унда гуруч, ун, дуккакли ўсимликлар, консерваланган сабзавот ва оқсиллар ортилган.

Ғазода амал қилаётган бандаргоҳ йўқлиги учун бунинг ортида АҚШнинг World Central Kitchen хайрия ташкилоти турибди ва юкни қабул қилиб олиш учун қирғоқда жой ҳозирламоқда.

Минтақа ёрдам етказишнинг энг тез ва самарали усули бу автомобил йўли орқали. Аммо ёрдам ташкилотларининг айтишича, Исроилнинг тақиқларидан сўнг у ерга жуда ҳам оз ёрдам етиб бормоқда.

Исроил денгиз орқали йўлак очилишини хуш қаршилашини ва у Ҳамас билан курашни давом эттираётганда ушбу йўл Ғазога ёрдам етказишни енгиллатишини айтган.

Жума куни Австралия БМТнинг Ғазога кўмак кўрсатувчи агентлигини молиялашни қайта йўлга қўйишини айтди.

Австралия ва бир қанча бошқа донор давлатлар икки ой олдин Исроил ушбу ташкилотнинг айрим ходимларини Ҳамаснинг 7 октябрдаги Исроилга амалга оширган ҳужумларида иштирок этган, деган айбловларидан сўнг унга маблағ ажратишни вақтинча тўхтатиб қўйганди.

Австралия Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг давлат юристлари БМТнинг фаластинлик қочқинлар учун ёрдам агентлиги "террорист ташкилот эмаслигини" айтганини таъкидлаган.

Канада, Швеция ва Европа иттифоқи олдинроқ БМТ агентлигини молиялашни тиклашини айтганди. Бироқ унинг энг йирик ҳомийси АҚШ тўловни музлатиб қўйишда давом этмоқда.

Вонг Исроилни Ғазога кўпроқ ёрдам киритишга чақирган.

"Австралия ҳукумати Жаҳон Озиқ-овқат дастуридан Ғазо чегараси атрофида катта миқдорда озиқ-овқат заҳираси борлиги, аммо уни Ғазо чегарасидан ўтказиб, Исроил ҳамкорлигисиз катта миқдорда етказиб бериш имконияти йўқлиги ҳақида маълумот олди. Биз Исроилдан Ғазога ҳозир кўпроқ ёрдам ўтказишни ўтиниб сўраймиз", деган Пенни Вонг.

Исроил ёрдам ортилган юк машиналари Ғазога ўтганини, аммо тарқатилмаганини айтган ва ёрдам ташкилотларини логистика муаммосида айблаган.

Ҳамас қуроллилари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилиб, 1200 одамни ўлдириши ва 253 кишини тутиб кетиши ортидан уруш бошланганди.

Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, уруш бошланган бери Ғазода 31180 одам ҳалок бўлган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002