БМТ: Сайёра учун муҳим бўлган кўчиб юрувчи жонзотлар нега хавф остида?

Африка пингвинлари сони ҳаддан ташқари кўп балиқ овлаш, иқлим ўзгариши ва нефтдан заҳарланиш туфайли камайган.

Сурат манбаси, MIKE KOROSTELEV/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Африка пингвинлари сони ҳаддан ташқари кўп балиқ овлаш, иқлим ўзгариши ва нефтдан заҳарланиш туфайли камайган.

БМТнинг муҳим ҳисоботларидан бири огоҳлантиришича, дунёнинг энг заиф кўчманчи ҳайвон турлари қирилиб кетишга янада яқинлашмоқд

Тошбақа каптарлардан тортиб, яшил тошбақаларга, Европа илонбалиғидан Африка пингвинига қадар кўчиб юрувчи турлар ҳайвонот оламининг буюк кашфиётчиларидир.

Алоқадор мавзулар:

Улар озуқа моддаларини ташиш, ўрмонларни чанглатиш ва сақлаш орқали Ер юзидаги табиий муҳитни ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди.

Аммо ўнлаб йиллар давом этган эксплуатация "турларни қирилиб кетиш ёқасига" олиб келди.

Бундан 40 йилдан кўпроқ вақт олдин дунёнинг кўплаб давлатлари Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияни имзолаган эди.

BBC

Энди бу ҳайвонларнинг сони ва ҳолатига биринчи глобал баҳо берилди.

Тадқиқотчилар 1189 турнинг ҳар бешинчиси йўқолиб кетиш хавфи остида эканлигини аниқлашди. Баъзи турлар учун вазият анча ёмон - конвенцияга киритилган балиқларнинг 97 фоизи хавф остида.

БМТ конвенцияси ижрочи котиби Эми Френкел Би-би-сига шундай деди: "Кўчиб юрувчи турларга етарлича эътибор берилмаяпти ва агар аҳволни ўнгламасак, улар йўқ бўлиб кетиши мумкин".

Ҳисоботнинг асосий хулосаси шуки, пасайиш инсон фаолияти - ҳайвонларни ҳаддан ташқари овлаш ва ўлдириш, яшаш жойларини йўқ қилиш, иқлим ўзгариши, шаҳарларнинг ёруғлиги ва шовқини билан боғлиқ.

Буюк Британия Экология ва гидрология марказининг атроф-муҳитни моделлаштириш бўйича мутахассиси доктор Роб Кукнинг айтишича, ҳисоботда кўрсатилган: "Кўчиб юрувчи турлар турли яшаш жойларидан ўтаётганда бир қатор таҳдидларга дуч келмоқда".

Африка итлари болалари бирга уҳлашяпти. Бу жонзотлар - энг кўп йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлардан.

Сурат манбаси, MARTIN HARVEY/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Африка итлари болалари бирга уҳлашяпти. Бу жонзотлар - энг кўп йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлардан.

Франкел хонимнинг айтишича, давлатлар конвенцияни қирқ йил аввал имзолаган бўлса ҳам, "бу натижаларнинг баъзилари ноқонуний қотиллик ва қонунсизлик содир бўлаётганини яққол кўрсатмоқда".

Унинг айтишича, ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси олдини олиш бўйича кўп ишлар қилинган, бироқ спорт, дам олиш ва озиқ-овқат мақсадида ўлдирилган ва сотилмайдиган ҳайвонларга камроқ эътибор қаратилмоқда.

Ўрта ер денгизи минтақасида ҳар йили тахминан 11 дан 36 миллионгача қуш ноқонуний ўлдирилади ёки тутилади ва яна бир неча миллион қушлар Арабистон ярим ороли, Эрон ва Ироқда ноқонуний равишда ўлдирилади ёки тутилади.

Ҳисоботнинг етакчи муаллифи ва Жаҳон Консервация мониторинги маркази дастури менежери Келли Малшнинг айтишича, кўчманчилиги бу ҳайвонларни ҳимоя қилишни қийинлаштиради. Баъзилари ўнлаб мамлакатлар орқали минглаб километрларни босиб ўтади.

У Би-бисига шундай деди: "Қушлар, қуруқликдаги ҳайвонлар ёки океанларда сузувчи ҳайвонлар бўладими, барчаси турли қонунлар амал қиладиган давлатлардан ўтади, бу эса ана шу давлатлар қонунчилигини мувофиқлаштиришни талаб қилади."

Кипрдаги ноқонуний тўрдан озод қилинган қизил тўнли қарқуноқ. Оролда ҳар йили ярим миллион қуш ўлдирилади.

Сурат манбаси, DAVID TIPLING/GETTY IMAGE

Сурат тагсўзи, Кипрдаги ноқонуний тўрдан озод қилинган қизил тўнли қарқуноқ. Оролда ҳар йили ярим миллион қуш ўлдирилади.

Ҳисоботда қуйидагилар тавсия этилади:

• Мамлакатлар ҳайвонларнинг миграция йўллари бўйлаб энг хавфли ҳудудларни аниқлаб, асосий биохилма-хиллик ҳудудларини яратиш.

• Тўғон каби миграция йўлларига таъсир қилувчи инфратузилмани қисқартириш.

• Ҳимоя қилинадиган ҳудуд коридорларини яратиш

• деградацияга учраган қуруқлик ва денгиз ҳудудларининг 30% тикланишини таъминлаш.

Миграция йўлакларини хариталаш орқали ҳайвонларни инсон фаолиятидан ҳимоя қилиш мумкинлигига умид бор. Акулалар ва скатлар дуч келадиган энг катта таҳдидлардан бири бу уларни тасодифан қармоққа тушиб қолишидир. Сунъий йўлдош тасвирлари аввалроқ кўчиб юрувчи акулалар ўтадиган ҳудудлар ва балиқчи кемалар тез-тез бўладиган ҳудудлар устма-уст тушишини кўрсатди.

Сайга оҳулари бир вақтлар йўқолиб кетиш хавфи остида эди, лекин охирги йилларда сони кўпайган.

Сурат манбаси, BBC STUDIOS/SAM LEWIS

Сурат тагсўзи, Сайга оҳулари бир вақтлар йўқолиб кетиш хавфи остида эди, лекин охирги йилларда сони кўпайган.

БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ижрочи директори Ингер Андерсен оптимистик эканини айтди. "Умид бор", дея қўшимча қилди у.

Табиатни муҳофаза қилиш ҳаракатлари туфайли айрим турлар популяцияси кўпайди. 1950-йиллар ўрталарида Жанубий Атлантика букри кит популяцияси интенсив овдан кейин атиги 450 бошни ташкил этди. Ҳимоя чоралари жорий этилганидан кейин уларнинг сони ҳозирда 25 000 дан ортиқ деб баҳоланмоқда.

Доктор Кук ҳисоботни олқишлади, бироқ минглаб кўчиб юрувчи турлар, айниқса, ҳашаротлар ҳолати ўрганилмаганини айтди. Унда фақат битта ҳашарот қайд этилган.

"Бу аниқ соҳа, уни яхшилаш керак", деди у.

Ҳашаротлар популяциясини ўлчаш қийин: уларни кузатиш учун асбобларни ўрнатиб ҳам бўлмайди ва баъзиларини, масалан, ниначиларни кўриш қийин, чунки улар қушлар каби тўпланмайди.

Ўтган ой ҳукуматлар вакиллари тадқиқотга жавобан мувофиқлаштирилган режа ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда йиғилди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002