Японияда болалар таглигини чиқарадиган ширкат нима учун кексалар бозорига кўчди?

  • Марико Ой
  • Бизнес масалаларида мухбир
Representational image

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туғилиш Японияда энг қуйи даражага тушган, аҳоли тобора кексайиб бормоқда

Япониядаги йирик ширкат бундан буён болаларнинг эмас, балки катталар таглигини ишлаб чиқара бошлашини эълон қилди.

Oji Holdings тобора кексайиб бораётган Японияда бу каби қарор берган сўнгги ширкатдир.

Японияда туғилиш даражаси энг қуйи нуқтага тушиб кетган.

Сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичида катталар таглиги савдоси болаларникини ортда қолдирган.

2023 йилда Японияда 758,631 нафар бола туғилган, бу аввалги йилга нисбатан 5.1% паст деганидир.

19 асрдан бери Японияда туғилиш кўрсаткичи энг паст нуқтага тушган, 1970 йилларда эса 2 миллиондан ортиқ бўлган.

Oji Holdings ўзининг шўъба ширкати Oji Nepia ҳозирда йилига 400 миллион болалар таглиги ишлаб чиқишини айтган.

2001 йилда эса бу рақам 700 миллион бўлган ва ишлаб чиқариш кескин камайган.

iqtibos

2011 йилда Япониянинг энг йирик таглик ширкати Unicharm катталар учун чиқараётган маҳсулотлари болаларникидан ошиб кетганини маълум қилганди.

Айни вақтда катталар учун таглик ишлаб чиқариш ортиб бормоқда ва бу ҳозирда 2 миллиард долларга тенгдир.

Япония кексалар сони бўйича дунёнинг энг олди қаторларида туради.

65 ёшдан ошганлар сони мамлакатда қарийб 30 фоизни ташкил қилади.

Ўтган йили 80 ёшдан ошганлар сони биринчи марта 10 фоиздан ортиб кетди.

Oji Holdings болалар таглини Малайзия ва Индонезия учун ишлаб чиқаришда давом этишини айтмоқда.

Бу икки мамлакатда аҳоли сони ўсиб бораётир.

Аҳоли сони қисқариши дунёнинг энг йирик иқтисодларидан бири бўлмиш Япония учун катта муаммодир.

Ҳукуматнинг айни муаммога қарши чора-тадбирлари ҳозирга қадар арзигулик натижа бергани йўқ.

Болаларга доир дастурлар, ёш оилаларга ёрдам лойиҳалари муваффақият қозонмади.

Мутахассисларга кўра, турмуш қуриш даражаси озайган, аёллар тобора ишчи кучи сафига кўпроқ қўшилмоқда ва болаларни вояга етказиш қимматлиги ушбу муаммони ҳал қилишга тўсиқ бўлмоқда.

Бош Вазир Фемио Кишида ҳам ўтган йили бу муаммонинг қанчалар долзарб экани ҳақида бонг урган, гап "ҳозир ёки ҳеч қачон" ҳақида кетаётганини урғулаганди.

Аммо Япония ёлғиз эмас. Гонгконг, Сингапур, Тайван ва Жанубий Кореяда вазият шунга ўхшаш - муаммоли. Уларда ҳам туғилиш суръати ўта паст.

Хитой ҳам 2023 йилдаги кўрсаткичларга қаралса, кетма-кет икки йил аҳоли ўсишида пасайишни кузатмоқда. Пекин ҳам туғилишни кўпайтириш учун турфа чораларни қўллади.

Аммо тобора кексайиб бораётган аҳоли, ўнлаб йиллар "бир оилага бир бола" сиёсати Хитойда ҳам демографик муаммоларни келтириб чиқармоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002