Ўзбек қизлари Ҳиндистонга келтирилиб, фоҳишаликка қандай мажбурланмоқда? Би-би-си суриштируви - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

  • Дилнавоз Пошшо ва Дипак Жасротия
  • Би-би-си, Ҳиндистон
Ўзбекистон қиз
Сурат тагсўзи, Ҳиндистонда фоҳишаликка мажбурланган ўзбек қизлари одам савдоси қурбонлари бўлган.

Машина Деҳли жанубидаги гавжум кўчада жойлашган ўзбекча дўкон олдидан ўтганда Афруза ўзи қамаб қўйилган квартираларга олиб борувчи кўчаларни дарров эслади.

Афруза асли Андижондан. У 2022 йили Деҳлига келган. Одам савдогарлари уни Деҳлига Дубай ва Непал орқали олиб келишган. Уни бу ерда бир қанча квартираларда тутқунликда сақлашган ва фоҳишаликка мажбурлашган.

Алоқадор мавзулар:

Огоҳлантириш: Мақоладаги ҳикоялар кўнгилни хира қилиши мумкин!

Ўзбек қизлари ва Ҳиндистонга элтган одам савдоси йўли:

Инсон савдоси йўли

• Ҳар йили Марказий Осиёдан юзлаб қизлар Ҳиндистонга олиб борилади.

• Уларнинг аксарияти Ҳиндистонга Дубай ва Непал орқали боради.

• Улар кунига бир нечта мижозларга хизмат кўрсатади.

• Деҳли полицияси икки одам савдогарини ҳибсга олди.

• Одам савдоси тармоғи Ўзбекистондан Непал ва Ҳиндистонгача узанган.

• Одам савдогарлари чангалидан қутулганидан кейин ҳам бу қизлар уйларига қайтиши даргумон.

Ҳиндистонда фоҳишаликка мажбурланган Афрузадан иқтибос

Сурат манбаси, .

Деҳли полицияси ва Empowering Humanity (Инсонийликни Кучайтириш) нодавлат ташкилоти бу қизларни 2022 йил август ойида қутқариб қолган.

Ўшандан бери Афруза нодавлат ташкилот қарамоғида яшаб, уни Деҳлига олиб келган одам савдогарларига қарши ҳуқуқий кураш бошлади.

У Непал орқали Деҳлига олиб келинганидан кейин тутқунликда сақланган баланд бино олдида турибди.

Қизлар Дубай ва Непал орқали олиб келинади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Кўзлари ёшга тўлди, юрак уриши тезлашди. Бир неча дақиқа ўтгач, унинг кўз ёшлари ғазабга айланди. У тезда зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилиб, ўзи тутқунликда сақланган квартира эшиги олдида тўхтади.

"Мени бу ерга олиб келишганида, бу ерда бешта қиз бор эди. Мени дастлаб Ўзбекистондан Дубайга, кейин Дубайдан Непалга олиб боришди. Кейин мени Непалдан Деҳлига автомашинада олиб келишди. Мен жуда чарчаган эдим. Бир-икки кун дам олишга рухсат беришди", дейди у.

"Улар мени дўконларга олиб боришди ва совға сифатида жуда кўп очиқ-сочиқ кийимлар сотиб олиб беришди. Икки кундан кейин мени фоҳишаликка мажбур қилишди. Талабларига бўйсунмаганимда калтаклашди".

"Бошлиғим мени бир нечта қўшмачиларга, у ердан эса турли мижозларга юборарди. Кўпинча 8-9 та мижоз келади. Ҳар куни камида бешта мижозга юборишарди. Рад этсам, улар ёниқ сигаретани теримга босишарди. Мени калтаклашарди" - эслайди одам савдоси қурбони бўлган ўзбек қизи.

Калтакланаётган ўзбекистонлик қиз

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонлик қизлар фоҳишаликни қилишни истамаса, қалтакланган ва қийноққа солинган.

"Деҳлига келганимдан кейин менга бир неча кун дам олишга рухсат беришди. Аммо шундан кейин бир кун ҳам дам беришмади. Мени бир хонадондан иккинчисига, турли меҳмонхоналарга кўчиришди" - дейди Афруза (исми ўзгартирилган) Би-би-сига.

Одам савдогарлари Марказий Осиёдаги камбағал оилалардан бўлган қизларни иш топиб беришни ваъда қилиб овлайди, сўнг уларни Непал орқали Ҳиндистонга олиб боради ва кейин фоҳишаликка мажбурлайди. Кўплаб қизлар тиббий ёки сайёҳлик визаси билан олиб кетилади.

Судда келтирилган далилларга кўра, Афруза ижтимоий тармоқлар орқали боғланган. Унга Дубайда иш таклиф қилишган. Одам савдогарлари унинг онаси касалвандлиги ва оиласининг молиявий аҳволи ёмонлиги ҳақида билганлар.

"Менга Дубайда иш бор дейишди. Деҳлига келгунимча бу ерга қандай иш учун келганимни билмасдим. Агар заррача билганимда ҳам, ҳеч қачон келмаган бўлардим", дейди Афруза.

Одам савдосига қарши курашувчи Ҳемант Шарма шундай дейди: "Асосий масала Ҳиндистонга ноқонуний йўллар билан кирган ёки визаси муддати ўтиб кетган қизларни Ҳиндистон полицияси ва тергов идоралари қандай қилиб аниқламаслигидир".

Марказий Осиёдан Ҳиндистонга олиб кетилган аёлларнинг асосий муаммолардан бири уларнинг маҳаллий тилни билмаслиги ва бу ерда ҳеч кимни танимаслигидир."

Қўрқитиш ва эрксизлик

Бино сурати

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Ўзбек қизларидан бири мана бу бинода тутиб турилганини айтади.

"Савдогарлар уларнинг паспортларини олиб қўядилар, кейин эса полиция билан таҳдид қиладилар. Бундай вазиятда уларнинг тақдирга тан беришдан ўзга иложи қолмайди", дейди Ҳемант Шарма, Empowering Humanity (Инсонийликни Кучайтириш) нодавлат ташкилоти раҳбари.

Би-би-си билан суҳбатлашган одам савдоси қурбонларининг айтишича, уларнинг паспортлари тортиб олинган ва уларга "қамоқ жазоси" билан таҳдид қилинган.

2022 йил август ойида полиция аралашгач, Тахмина ва Афрузани Деҳлига олиб келган одам савдогари Азиза Шер (у кўплаб номлар билан танилган) яширинган. Бироқ яқинда Шарқий Деҳли полицияси узоқ давом этган операциядан сўнг Гоа шаҳрида Азиза Шер ва унинг Афғон эрини ҳибсга олди. Полиция суриштирувларида маълум бўлишича, Азизанинг бир неча номда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган ва шу номларда банк ҳисоб рақамлари очган.

Маюр Виҳар полиция бўлими бошлиғи Прамод Кумар ва унинг жамоаси 200 дан ортиқ мобил рақамларни кузатган ва ниҳоят Азиза Шерни топган. Полиция бу одам савдогарларини ҳибсга олиш учун турли ҳуфиялар ва хабар етказувчилардан фойдаланган.

Афруза Азизанинг ягона қурбони эмас эди. Кўп қизлар Азизанинг чангалидан қутқарилган.

Тахмина улардан бири эди. Тахмина 2020 йилда Деҳлига иш ваъдаси билан олиб келинган. Аммо у бу ерга келганидан кейин фоҳишаликка мажбурланган.

"Ҳар сафар жинсий алоқадан бош тортганимда, мени калтаклашарди. Улар мени қандай калтаклашганини ҳатто видеога ҳам ёзиб олишди. Мен ҳали ҳам бу жароҳатни енгиб ўта олмадим" - дейди ўзбекистонлик қиз.

Тахминанинг видеоси полиция тергови ҳужжатларининг бир қисмидир. Бу видеода Тахмина аёвсиз калтакланган. Бу 2022 йил августидан аввал қайд этилган ва полиция тергови давомида маълум бўлган.

Тахмина видеони тасдиқлаб, "Мени Азиза тузоққа туширди. Бир куни менга тузукроқ мижоз келди, мен унга оғир аҳволимни айтиб, ёрдам беришини сўрадим".

Деҳли полицияси раҳбари ўринбосари Амрута Гулулотдан иқтибос

Сурат манбаси, .

"У менга ёрдам беришни илтимос қилиб Азиза Шерга гапирган. Шундан кейин мени қаттиқ калтаклашди ва бу жараённи видеога ёзиб олишди. Бу видео бошқа қизларни қўрқитиш учун кўрсатилди, улар қочишга уринмасликлари учун".

Тахмина Гуруграмда Чет элликлар ҳақидаги (Ҳиндистонда визасиз қолиш) қонунига биноан судланмоқда. Унинг таъкидлашича, ишни қўшмачи брокер қўзғатган, шунинг учун у Ҳиндистонда қолиб кетган.

"У мени доим қўрқувда ушлаб турарди. Жуда қаттиқ қўрқардим, ҳозир ҳам руҳий жароҳатим кетмаган. Улар мени калтаклашди ва видеони тарқатишди. Улар мени қарзга ботириб қўйишди", дейди Тахмина.

Тахминанинг соғлиғи жинсий алоқа туфайли ёмонлашиб, бачадонида жарроҳлик амалиёти ўташга мажбур бўлди. Унинг айтишича, у касалхонада ёлғиз қолган, кейин эса ҳали тўла соғаймай туриб жинсий алоқага мажбурланган.

Тунги кўча
Сурат тагсўзи, Қизларнинг одам савдогарлари чангалидан қутилишлари кўпинча қийин.

Тахмина, Афруза каби қизларни кунига 6-9 нафар мижозга мажбуран жўнатишарди.

Би-би-си одам савдогарлари ва қўшмачиларнинг кундаликларини кўрди, уларда бу қизларни жинсий алоқага мажбурлаш орқали юз минглаб рупийлар ишлангани айтилган. Бу саҳифалар полиция айблов ҳужжатларининг бир қисмидир. Бу қизлар бу пуллардан умуман улуш олмаганликлари, аксинча, савдогарлар ва қўшмачилар уларга сохта қарзлар илганини айтишади.

Таҳқир ва тазйиқ

"Қизлар қанча меҳнат қилмасин, даллол ва хўжайин олдидаги қарзларини тўлай олмайди. Аввалига улар қизларни Ҳиндистонга олиб келиш учун сарфланган пулни қайтаришни талаб қилишади. Уларга нисбатан сохта ишлар қўзғатилиб, суд харажатларини қоплаш баҳонасида пул ундиришади. Қизлар ҳеч қачон бу тузоқдан чиқа олмайди" - Тахмина (исми ўзгартирилган).

Афруза ҳам худди шу айбловлар билан чиқди. "Онам касал. Менга пул жуда керак эди. Лекин менга бир сўм ҳам маош беришмади. Мен 9 ой бошлиқнинг қарамоғида бўлдим. Бу даврда менга ҳеч қандай пул тўланмади. Менга доим улардан қарзим борлигини айтишарди", дейди у.

Афруза 2022 йил август ойида қочиб қутулиб, Ўзбекистон элчихонасига ёрдам сўраб борди. Аммо у ёрдам сўрашга улгурмай, элчихона яқинида қурол ўқталиб ушлаб олишди. Воқеа Чанакяпури полиция бўлими томонидан тергов қилинмоқда.

Афруза пичоқдан, ёниқ сигаретдан қолган чандиқларни кўрсатиб: "Ҳар сафар пул сўраганимда, ана шу чандиқларни қолдиришарди", дейди у.

Афруза Непал орқали Деҳлига олиб келинганида, Тахмина аллақачон одам савдогарлари тузоғига тушиб қолган эди.

"Хўжайиним қизлар билан боғланиб, уларни турли ишларга таклиф қиларди. Бундан хабардор бўлсам ҳам, Афрузага ўхшаган қизларни огоҳ қилолмасдим, чунки бунга имконим йўқ эди. Менга ўхшаган ёши каттароқ қизларни янги олиб келинган қизлардан узоқлаштирарди", дейди Тахмина.

Ҳиндистон полиция ҳодимаси
Сурат тагсўзи, Ҳиндистон полициясига кўра, аксар қизларни иш топиб бераман, деб алдаб олиб келишади.

Шарқий Деҳли полиция комиссари ўринбосари Амрута Гулулот шундай дейди: "Кўплаб чет эллик қизлар одам савдогарлари томонидан олиб келинган. Иш топиб бераман деган баҳона билан паспортларини олиб қўяди, кейин эса фоҳишаликка мажбурлайди. Шубҳасиз, бу ҳибслар туфайли ёлғон иш ваъдаси билан қизларни бу ерга олиб келиш занжири узилди. Бу ҳибслар қизлар савдоси ва фоҳишаликка мажбурлашларига таъсир қилади".

Аммо одам савдосига қарши курашувчи ташкилотлар ҳали олдинда кўп муаммолар борлигини айтади. "Энг катта муаммо Непал чегарасида. Бу қизлар ҳинд визасисиз Биҳар чегараси орқали Ҳиндистонга киради ва Деҳлига етиб боради. Кейин бошқа йирик шаҳарларга фоҳишалик учун юборилади. Савол шундаки, нега полиция бу ҳаракатлардан бохабар эмас?" дейди Ҳемант Шарма.

Ҳемант Шарманинг айтишича, иккинчи мушкул иш бу қизларнинг реабилитациясидир.

"Илгари одам савдоси қурбонига айланган қизлар гаров эвазига озод қилиниб, тергов изоляторига юборилмаган. Улар қўйиб юборилган. Биз одам савдосига учраган қиз то суд иши тугагунга қадар қандай яшаши ҳақида ўйлашимиз керак. У яшаш харажатларни қандай қоплайди ва қаерда яшайди?"

Тахмина ўз ватанига қайтишни хоҳлайди, лекин Гуруграмда Чет элликлар тўғрисидаги қонунга биноан уни суд иши кутилмоқда. Унинг айтишича, бу иш уни чиқариб юбормаслик учун атай қўзғатилган.

Ҳиндистонда фоҳишаликка мажбурланган Тахминадан иқтибос

Сурат манбаси, .

Бошқа томондан, Афруза одам савдоси ишида гувоҳ.

Аслида, бу ерда қолиб кетган кўплаб одам савдоси қурбони бўлган қизлар Чет элликлар тўғрисидаги қонун бўйича айбланади ва иш тугагунига қадар Ҳиндистонни қонуний тарк эта олмайди. Аммо одам савдоси қурбонига айланган қизлар учун кетишда ҳеч қандай чеклов йўқ. Шунингдек, жабрланувчилар иш бўйича якуний кўрсатма берилгунга қадар мамлакатни тарк этмаслиги шарт.

Бироқ, айбланувчилар ишига алоқадор адвокат Зубайр Ҳашмининг таъкидлашича, бу қизлар истаган пайтда ўз юртига қайтиши мумкин.

"Жабрланувчилар ўз юртларига қайтишни сўраб судга мурожаат қилишгани йўқ. Уларни ҳеч ким тўхтатгани йўқ", дейди Зубайр Ҳашми.

Ҳемант Шарманинг айтишича, "Жабрланувчининг судда ҳозир бўлиши айбланувчининг жазоланиши учун жуда муҳимдир. Айбланувчилар адвокатлари уларни чарчатиш ва умидларини сўндириш учун гувоҳлар кўрсатмаларини кечиктиришга уринишяпти."

Тахмина ва Афруза ўз юртларига қайтишни интиқ кутмоқда. "Ватанимга етиб борсам, аввало унинг тупроғини ўпиб, уни бошқа ҳеч қачон тарк этмасликка қасамёд қиламан", дейди Тахмина.

Афруза: "Онамни қучиб йиғлайман. Мен уни жуда соғиндим. Ҳаётдаги ягона истагим онамни қучиш".

Марказий Осиёдан Ҳиндистонга олиб кетилган қизларнинг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ фаоллар фикрича, уларнинг сони минглаб бўлиши мумкин.

(Одам савдоси қурбони бўлган, фоҳишаликка мажбурланган қизлар исм-шарифлари уларнинг шахсини ҳимоя қилиш учун ўзгартирилди.)

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.