Агар Россия Болтиқбўйи давлатларига ҳужум қилса гуллар билан кутиб олинадими? - Украина, Уруш

  • Оксана Антоненко
  • Би-би-си Рус хизмати
Даугавпилс
Сурат тагсўзи, Рус тили Даугавпилсда асосий тил. Шаҳарнинг қарийб 80 фоизи латиш эмас

Бир қатор дунё етакчилари Украина ортидан Россия Болтиқбўйи мамлакатларига ҳужум қилиши мумкинлигини айтди. НАТО Болтиқбўйи давлатларида ўз ҳозирлигини икки баравар оширди ва Шарқий Европани ҳимоя қилиш режасини кучайтирди. Ва Латвиянинг русийзабон чегарадош ҳудудлари аҳолиси - энг ёмон сценарийда улар биринчи бўлиб зарбага учрайди - Путин учунми ёки Украина учун, аниқ эмас. Одамлар ҳужумдан ҳам, фуқаролар урушидан ҳам қўрқади.

"Агар сизда шундай имконият бўлганида, Ригадан бошламаган бўлардингиз, аксинча, ҳужумни лигитимлаштириш мумкин бўлган нарсадан бошлар эдингиз. Даугавпилс - идеал вариант. Чегара яқин, амалий имкониятлар, ўлчам", дейди Латвиянинг иккинчи йирик шаҳри - Даугавпилсдаги бар эгаси Андрейс. Беларус билан чегарагача - 30 км, аҳолиси - 80 минг.

Латвиянинг чегарадош ҳудудларида Россия билан тахминий уруш ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилишади, чунки бу ерда деярли ҳамма урушдан қўрқади. Нафақат биринчи зарба уларга тушади, балки улар бу вазиятда ўз қўшниларига қанчалик ишонишларини билишмайди.

"Агар биз бу ерга кичкина одамларни олиб келиб, республика ўрнатишга ҳаракат қилиниши ҳақида гапирсак, унда, албатта, ҳамма нарса уюштирилган бўлади. Гап шундаки, пассив кўпчилик қаерда бўлади. Кичик яшил одамлар томонида!" дейди Андрейс.

Россия томонда эмас. Лекин Украина томонда ҳам эмас

Суҳбатимиз арафасида Латвия телевидениеси SKDS компанияси билан биргаликда ўтказган сўров натижаларини эълон қилди, унга кўра Шарқий Латвия (Латгалия) аҳолисининг атиги 33 фоизи ҳарбий ҳаракатлар шароитида Украинани қўллаб-қувватлайди. Умуман олганда, мамлакат бўйича бу кўрсаткич икки баробар кўп - 66 фоизни ташкил этади.

Бу ерда одамлар очиқдан-очиқ Россияга тарафдорлик қилмайди. Латвия аҳолиси учун уруш масаласида Россия томонга ошкора ён босиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Гап шундаки, уруш жиноятларини оқлаш жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракатдир ва Латвия расмийлари Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини очиқ ҳарбий тажовуз деб билади.

Давлат хавфсизлик хизмати Украинадаги уруш бўйича оммавий риторика сабабли еттита жиноят иши қўзғатган. Ҳарбий жиноятларни оқлаш ва нафрат уйғотиш моддалари бўйича жараёнлар бошланди. Биринчи ҳолатда айбланувчилар беш йилгача, иккинчисида ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шубҳасиз, бундай шароитда расмий Кремль сиёсати мухлисларининг ҳақиқий сонини билиш деярли мумкин эмас. Сўров натижалари бор, аммо қамоқ таҳдидини инобатга олган ҳолда респондентларнинг қанчалик тўғри жавоб бергани номаълум.

Даугавпилс
Сурат тагсўзи, Даугавпилсда рус тилидаги ёзувлар оддий ҳол

Худди шу SKDS тадқиқотига кўра, Россияни латгалияликларнинг 11 фоизи қўллаб-қувватлайди, бутун мамлакат бўйича ўртача 8 фоиз. Аммо Латгалияда "бетараф" бўлганлар улуши Латвия учун ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори - мос равишда 49 ва 22 фоиз.

Андрейснинг фикрича, "бетараф" позиция аслида "Путин учун" позицияга тенг.

"Энди ҳамма нарса оғирлашди, ўртада бўлишнинг иложи йўқ - сиз ё бир томонда ёки бошқа тарафдасиз. Агар сиз урушга қаршиман десангиз, аслида сиз Путин тарафидасиз. Тасаввур қилайлик, Россия ғалаба қозонади, кейин уруш бўлмайди. Урушга қарши бўлганлар шундай айтади: "супер, уруш тугади", дейди у.

Латгалия Латвиянинг асосий русийзабон бўлгасидир ва рус тилида сўзлашувчилар орасида, худди шу SKDS сўровига кўра, Россия ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш миллий ўртача кўрсаткичдан юқори: мос равишда 21 фоиз ва 8 фоиз.

Даугавпилсда эса рус тилида сўзлашувчилар - 80 фоиз. Бу Латвиядаги энг кўп руслар яшайдиган шаҳар, бу ерда рус матбуоти, рус ёзувлари, ресторанларда эса биринчи навбатда "Здравствуйте!", кейин "Лабдиен!" дейдилар. Бу ерда сиз бутун умр яшаб латиш тилини ўрганмаслигингиз мумкин.

Бироқ, биз бу минтақада гаплашган ҳар бир киши "Путин учун" ва "Украина учун" бўлиш одамларнинг она тилига деярли боғлиқ эмаслигини айтади. "Русларнинг ўзидан ҳам кўра ватникроқ бўлган латишлар жуда кўп", деб ҳисоблайди Андрейс.

Миллий жанжал

Жамоат жойларда икки урушаётган томондан бирини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ баҳслар деярли имконсиз бўлгани учун (бу судланишга сабаб бўлиши мумкин), одамлар турли рамзлар ва украиналик қочқинлар ҳақида баҳслашадилар.

Даугавпилсдаги мусиқа мактабида Украина байроғи масаласида катта тортишув бўлди. Агар чегара яқинлиги бўлмаганида, эҳтимол, бу воқеа эътибордан четда қоларди. Бунинг ўрнига, бу тортишув икки вазирлик ва миллий оммавий ахборот воситаларини қамраб олган миллий жанжалга айланди.

Ҳаммаси маҳаллий мусиқа мактаби директори Айварс Брокс мактаб ёнига Украина байроғини осиб қўйганидан бошланди. Фақат учта байроқ устуни борлиги сабабли шаҳар байроғини олиб ташлашга тўғри келган (Латвия ва Европа Иттифоқи байроқлари қолган).

Муассаса Маданият вазирлигига бўйсунади ва у ўз навбатида бирдамлик белгиси сифатида Украина байроғини ўрнатишни сўрган. Ўз ўзини бошқариш органлари иттифоқи ҳам маҳаллий ҳукуматларни ўз бинолари яқинида Украина байроқларини ўрнатишга чақирди, бироқ Даугавпилс шаҳар кенгашида байроқ йўқ, лекин мусиқа мактабида бор. Даугавпилсда бир нечта Украина байроғи бор, Ригада эса уларни ҳамма жойда кўриш мумкин.

"Ўйлайманки, барча соғлом фикрли одамлар Украинага ҳужум қилган Россия бўлганини билишади, аксинча эмас. Шунга кўра, биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз", дейди мактаб директори Айварс Брокс Би би си Рус хизматига.

Бу ижтимоий тармоқларда реакцияга сабаб бўлди - баъзи шаҳарликлар учун олиб ташланган Даугавпилс байроғи шунчалик қадрли эканки, улар ўзбошимчалик билан Украина байроғини олиб ташлаш ва Даугавпилсникини қайтариш учун митингга чиқди. 50 га яқин одам тўпланди, бу 82.6 минг аҳолига эга шаҳар учун жуда кўп. Воқеа гувоҳи ёзиб олган видеода митингда асосан геосиёсат ҳақида гапиришганини эшитиш мумкин. Айниқса, шахсан мактаб директори ҳақида.

"Бу бандитлар тўнтариши!"

"Бу уруш бўлаётган бегона давлатнинг байроғи! Яманда ҳам уруш бўляпти, нега мен Яман байроғини кўрмаяпман? Нега Ироқ байроғи йўқ?"

"Мактабда ким эдингиз? Қулоқми?"

"Бу байроқларни уйингиз атрофига жойлаштиринг, кейин уларниг атрофида айланинг!"

Айварс Брокс
Сурат тагсўзи, Даугавпилс мусиқа мактаби директори Айварс Брокс Украина байроғини ўрнатди. Байроққа қарши намойишга 50 киши чиқди.

Айварс Брокснинг фикрича, шаҳарда ҳозирча экстремистик кайфият йўқ, чунки одамлар кутмоқда. Аммо Россиянинг ҳақ эканлиги ҳақидаги гапларни у шахсан эшитган. Ҳозир эса ишончи комил: агар Даугавпилсда уруш бошланса, буни қўллаб-қувватловчилар ҳам топилади.

"Менимча, шаҳар иккита лагерга бўлинган - бири Путин учун, иккинчиси Украина учун, - дейди мактаб директори. - Кўпчилик Россиянинг ахборот майдонида яшайди. 20-30 йилдан бери рус каналларини кўриб яшайди, Путинга ишонади. (...) Кўпчилик бу энди СССР эмаслигидан хафа. Биз уларнинг фарзандлари мактабга боради, латиш тилини ўрганади, деган умидда эдик... Лекин кўряпмиз - бу болалар ўша оилаларда улғаймоқда, ва ўша ўша нарсалар билан миясини озиқлантирмоқда..."

Эҳтимол пропагандадир?

Брокс энди оиласи учун хавотир олаётганини айтади. Украина байроғи олиб ташланмайди, бу билан Маданият вазирлиги шуғулланмоқда. Минтақавий ривожланиш вазирлиги эса Даугавпилс кенгаши билан келишиб, уни Украина атрофида бирлашишга чақирмоқда. Бунга жавобан Даугавпилс мэри Андрейс Элкснинш ижтимоий тармоқларда "у ҳукумат вакилларига эмас, балки шаҳар аҳолисига жавоб беришини" айтди. Кенгаш биноси олдига байроқ илинмади.

Вадим маҳаллий театрда актёр, улар нима бўлаётганини тасвирга олиб, видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирдилар. У рус, Даугавпилс шаҳрида туғилган, Россияда 10 йил яшаган. Вадим ушбу митингга мактаб директори Броксни қўллаб-қувватлаш учун келган. У ижтимоий тармоқларда россияпараст фикр қолдирадиган одамлар ҳақиқатан ҳам бор ёки йўқлигини кузатди. Унинг сўзларига кўра, улар бунчалик кўплигини кутмаган эди:

"Шундай аҳмоқона аргументларни айтишади... Саккиз йил ҳақида, Яманда уруш кетаётгани ҳақида. Соловёв ва унга ўхшаган бошқалардан нимани эшитишган бўлса, ҳатто ифодасини ҳам ўзгартирмасдан такрорлайдилар. Булар телевизордаги одамлар", дейди у Би би си Рус хизматига.

Вадимнинг фикрича, Путинни қўллаб-қувватлаш этник масала эмас. Ўзи ҳам рус, украинапараст митингларда ҳам ўша русларни кўради. Аммо нима учун руслар яшайдиган Даугавпилс шаҳрида вазият кескинлашгани сабабини у тушунтира олмайди:

"Эҳтимол пропагандадандир? Бу ерда ҳаммани тинчлантириш учун уларни қўзғатадиган ҳеч нарса қилиш шарт эмас, улар безарардек кўринади, аммо бу қандайдир таҳдид пайдо бўлмагунча. Ҳозирча, аввалдан бир нима дейиш қийин."

Яна "саккиз йил"

Байроққа қарши митингни маҳаллий фаол Александр Ильин ташкил қилган. Ильин урушга қарши эканлигини айтади. Аммо ньюанслар мавжуд. Унинг сўзларига кўра, шаҳар аҳолиси Латвиянинг Украинага кўрсатаётган ёрдамидан жуда норози.

"Биз боши берк кўчага кириб қолдик, биз Россия Федерацияси билан ҳам, Беларус билан ҳам чегарадошмиз. Ҳамма қандайдир оқибатлардан қўрқади. Путин бу можарога аралашган ҳар бир киши ҳужумга учрашини ва тажовузкор деб топилишини очиқ айтди, - дейди у Би би си Рус хизматига - Бу [Латвия давлати] Украинада уруш кетаётганини, Путин тажовузкор эканлигини очиқ эълон қилган (...) Агар тўсатдан яна бир нарса исботланса нима бўлади? Ҳа, қурбонлар борлигини биламиз, лекин улар саккиз йил давомида ўлганлар. Шу жумладан, Донбассда."

Фаол Александр Ильин
Сурат тагсўзи, Даугавпилслик фаол Александр Ильин уруш ҳақида гапириб шаҳарликларни гиж-гижламаслик керак, дейди. Одамлар ўзини ўнғайсиз сезади.

Ильин, шунингдек, Латгалияда ҳарбий тажовуз содир бўлса, ички зиддият бошланади, деб ҳисоблайди: "Кимдир қочиб кетади, кимдир мойчечак билан кутиб олади. (...) Жамият бўлинади, давлат ичида тартибсизликлар бошланади. Биз давлатимиз юритаётган ташқи сиёсат сабабли ҳақиқатан ҳам суверенитетимизни йўқотишимиз мумкин".

Миллатчилар айбдорми?

Ильиннинг фикрича, агар русийзабон муҳитда салбий кайфият мавжуд бўлса, унда биринчи навбатда Латвия ҳукумати айбдор: "Биз Латвиянинг русийзабон аҳолисини чиритяпмиз, рус каналларини ўчириб қўймоқдамиз, қандайдир босим ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз - албатта, бу одамларда реакцияга сабаб бўлади.

Сўнгги икки йил ичида Латвия регулятори 68 та каналнинг ишлашини чеклади, уларнинг аксарияти Россия каналлари. Уруш бошланганидан буён 28 та рус канали асосан миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Латвия телевизорларидан йўқолган. Латвияда Кремль ташвиқотини тарқатгани учун 71 та сайт блокланди. Тақиқланган контентни қайта эфирга узатган компанияларга нисбатан 14 та маъмурий иш қўзғатилди.

Аммо риторикага келсак, латвиялик сиёсатчиларнинг маҳаллий русийзабонларга нисбатан баёнотлари урушнинг биринчи ҳафтасида тубдан ўзгарди.

Хуллас, 27 февраль куни Миллий бирликдан парламент аъзоси Александр Кирштейн "Twitter"да шундай деб ёзди: "Энди фақат мажбурий ассимиляция, агар бу сизга ёқмаса, унда эшакка миниб, чиқиб кетинг".

Аллақачон 1 март куни Латвия Бош вазири Кришянис Каринш Россиянинг Украинага ҳужумида руслар айбдор эмаслигини айтди: "Келинг, Украина суверенитетига ҳужум русийзабонлар томонидан амалга оширилмаганлигини тушунайлик. Россиянинг оддий аҳолиси эмас. Келинг, эркинлик ва демократиянинг аҳамияти тўғрисида бизнинг ва уларнинг тушунчасини орттирайлик".

Матбуот анжуманида у сиёсатчилар жамият бирлиги учун масъул эканини қўшимча қилди.

ҳайкал

"Ҳозирда барчамиз, айниқса, масъулиятли лавозимлардагилар - сайланган сиёсатчилар, Сейм депутатлари, маҳаллий ҳукуматлар вакиллари елкасида жамиятимизни бирлаштириш учун ҳамма нарсани қилиш бурчи турибди", дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Латвия миллий телерадиокомпанияси LSM.

Шундан сўнг ҳатто латвиялик миллатчилар ҳам дўстона риторикани қабул қила бошладилар. Мисол учун, ҳеч қачон русларга жуда хайрихоҳ бўлмаган сиёсатчи Янис Домбрава "Twitter"да "Латвия билан бирга бўлган" русийзабонларни бегоналаштирмасликка чақирди.

"Керак бўлса, отаман"

Бу, эҳтимол, Латвиянинг русийзабон аҳолиси йиллар давомида кутаётган сигналдир. Валерий Латгалиянинг бошқа бир шаҳри - Резекне шаҳрида яшайди. У аралаш оиладан, ярим латиш, лекин асосан рус тилида гапиради. У Латгалиядаги русларни қутқариш шартмас, деб ҳисоблайди - рус оммавий ахборот воситалари, рус радиоси, рус тилидаги китоблар етарли. Аммо бу ерда Латвия сиёсатчиларнинг нодўстона риторикаси, унинг фикрича, ниманидир қўзғатиши мумкин.

"Бари ана шу миллатчилар туфайли... Шахсан менда Путин бу ерда русийзабонларни ҳимоя қилиши мумкин деган фикр бор. Бу осон бўлиши мумкин! У Украинага киради деб ким ўйлаганди. Шунинг учун улар (миллатчилар) ҳам тинчланди, аввалига фақат латиш мактабларини қолдириб, рус мактабларини ёпишмоқчи эди, кейин эса бекор қилишди", дейди Валерий Би би си Рус хизматига.

Умуман олганда, Латвиянинг чегарадош ҳудудларида рус тили латиш тилидек кенг тарқалган. Маҳаллий латишларнинг аксарияти русчада деярли акцентсиз гапиради, рус телевидениесини томоша қилишади ва буни муаммо деб билишмайди. Резекнелик Лилия латиш, у "Голос" дастурини соғинишини айтади, у "Голос. Дети"ни интиқлик билан кутарди. Лекин рус каналлари ўчирилди.

Лилия
Сурат тагсўзи, Латиш Лилия рус тилида акцентсиз гапиради.

Унга рус телеканаллари ёқиши урушни қўллаб-қувватлашини англатмайди. Аксинча, у кўнгилли бўлиб Украинага юбориладиган гуманитар ёрдамни йиғишда ёрдам бермоқда. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли ҳамма нарсани: консерваланган кийик гўшти, тез тайёрланадиган шўрвалар, кийим-кечак ва дори-дармонларни ўзлари олиб келишади. Унинг сўзларига кўра, уларнинг ҳаммаси урушдан қўрқишади - чегара жуда яқин.

"Кимга ибодат қилишни билмайман - Худогами ёки ҳукуматга. Шундай ноқулай туйғу бор. Мен бундай яшашни хоҳламайман", дейди у Би би си Рус хизматига.

Баъзи латгалияликлар - русийзабонлар - ҳарбий тажовуз бўлса, ўз мамлакатларини ҳимоя қилишга тайёр.

Антон - латиш, аниқроғи, латгалиялик, Беларус билан чегарадан етти километр узоқликда, Краслава шаҳрида яшайди. У рус тилида акцентсиз гапиради, лекин у маҳаллий машиналардаги Россия байроқларини ёқтирмайди, у ҳеч ким Россияга ҳужум қилмоқчи эмаслигига ишонади. Агар шундай қилса, у ўзи ҳимоя қилиш учун кетади.

"Агар улар русларни уришса, биз русларни ҳимоя қиламиз, агар улар латишларни уришса ... кейин ... мен ўзим ҳам латишман, билмайман. Менинг хотиним беларус. Агар менга ана автоматни ол ва бориб, босқинчини от дейишса, шундай қиламан. Гарчи мен Библиядаги Олтинчи амрга - ўлдирма амрига риоя қилсам ҳам, улар бизга ҳужум қилса, биз ўзимизни ҳимоя қиламиз", дейди Антон Би би си Рус хизматига.

"Бизнинг фойдамиз орқасида"

Украиналик қочқинлар - алоҳида ҳикоя. Тўққиз мингга яқин украиналик қочқин Латвия Фуқаролик муҳофазаси комиссиясига мурожаат қилди, уч мингга яқини инсонпарварлик визалари олди. Баъзилар турар жой марказларида яшайди, баъзилари дўстлари ва қариндошлари билан яшайди. Даугавпилсга юздан ортиқ одам жойлаштирилди.

Бироқ шаҳарликлар доим ҳам хурсанд эмас. Масалан, Украина байроғига қарши митинг ташкилотчиси Александр Ильин Европадаги украиналиклар ишламасдан нафақа олишига ишонади. Унинг бошқа даъволари ҳам бор.

"Менда украиналиклар ўзини агрессив тутаётганини тасдиқловчи маълумотлар бор, - дейди Ильин, - Украинадан келган одамлар автомашинада ёқилғи қуйиш шохобчасига борганларида, бакни ёқилғи билан тўлдирган ходимлар русча гапирса, уларга ҳақоратли жавоб қайтарганликларига гувоҳи бўлганман, нега украин тилида эмас."

Украинларнинг бундай ҳаракатини суҳбатдошларим орасида биргина Александр Ильин кўрган. Қолганларнинг ҳаммаси у ҳақида фақат эшитган, қаерданлиги ҳам номаълум.

байроқ
Сурат тагсўзи, Резекнеда Украина байроғи ҳамма жойдан кўринади. Даугавпилсда улар деярли йўқ.

Шунга ўхшаш миш-мишлар Латвиянинг бошқа шаҳарларида ҳам тарқалмоқда, кимдир ниманидир кўрган бўлади, аммо кўрганини ҳеч қандай тарзда тасдиқлай олмайди.

Масалан, Латвиянинг Валка шаҳри мэри украиналиклар гўёки рус тилида гаплашгани учун маҳаллий аёлларга ҳужум қилгани ҳақидаги маҳаллий миш-мишларни маълум қилди. Латвия Давлат хавфсизлик хизмати аралашиб, миш-мишлар асоссиз эканини айтди.

"Давлат хавфсизлик хизмати дезинформациянинг тарқатилиши ҳолатидан хабардор, бу эса, ДХХ маълумотларига кўра, Кремлнинг украиналиклар ҳақида салбий имиж яратиш ва Кремлнинг геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро ҳамжамиятни уларга қарши қайраш ҳаракатларига мос тушади", дея ДХХ сўзларидан иқтибос келтирган LETA ахборот агентлиги.

Шунга қарамай, миш-мишлар тарқалмоқда, муаммоларни келтириб чиқармоқда, айниқса, қочқинларга ёрдам беришни истаганлар учун.

Элеонора Даугавпилс шаҳрида яшайди ва маҳаллий "Чайка" газетасида ишлайди. У украиналик қочқинларга ёрдам бериш унга нисбатан нафрат тўлқинига айланганини айтади. Элеонора икки украиналик аёлга Латвияга кўчиб ўтишга ёрдам берди, уларга уй-жой топди, кейин у ва унинг нашри бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабар берди.

"Биз уларни автобусда суратга олдик, улар жилмайиб турган икки ёш қиз, уч кунлик азобли саёҳатлари тугаганидан хурсанд. Мен бу суратларни Фейсбукка жойлаштирдим ва бир зумда жавоблар ёғилди, гўё қизлар жабр кўрмаганга ўхшайди, улар бизнинг баъзи имтиёзларимизни ўғирлаш учун келган, улар "бандерачи"лар. Буларнинг ҳаммаси одамни тушкунликка солади. Уларнинг мақсади кимдандир нимадир олиш эмас, тирик қолиш", дейди Элеонора.

Беженки из Украины
Сурат тагсўзи, Беженки из Украины Даша и Алена провели в Даугавпилсе несколько дней. Сейчас они ищут работу в Риге

"Даугавпилснинг баъзи аҳолиси менга ёзди, Донбассда болалар ўлдирилганда саккиз йил қаерда эканлигимни сўрашди. Одатда, биз бу ерда бутун умр солиқ тўлаймиз, сиз эса ризқимизни қиймоқдасиз, шу каби кўплаб изоҳлар", деб давом этади у.

Украиналикларнинг ўзлари - Даша ва Алена Би би си Рус хизматига ертўлалардаги ҳаёт, гавжум автобуслардаги йўл азоби, вақтинчалик турар жой марказларида тунаш ва Украинада қолган оилалар ҳақида гапириб беришди. Даша Латвияда қолмоқчи, у аввал ҳам шу ерда бўлган. Алена уйга қайтишни хоҳлайди. Иккаласи ҳам иш қидириш учун Даугавпилсдан Ригага кетди.

Элеонора Даугавпилсда қолди. Унинг сўзларига кўра, агар эҳтимолий уруш чиндан рўй берса жамиятнинг қутбланиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан қўрқади: "Менимча, биродаркушлик жараёни айнан бизнинг вилоят ва шаҳримизда бошланади, менга ёқмайди бу сўз, лекин айнан шундай бўлади."

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.