Россия ўлган аскарларини санамаяпти, шунинг учун бу ишни биз қилдик Yangiliklar

  • Олга Ившина, Бекки Дейл ва Жозеф Ли
  • BBC News
Composite image of faces of Russian soldiers and grave markers

Россия урушдаги йўқотишларини яшириши сир эмас. У Украинага бостириб киргач, Би-би-си ва унинг ҳамкорлари ўлимлар сонини аниқлаш ва тасдиқлаш учун қунт билан ишлай бошлади.

Тасдиқланган ўлганлар рўйхатида - яъни биз ўлганини аниқ биладиганлар - 25 000 дан ортиқ исм бор, бу Россия йўқотган аскарлар сонининг минимал кўрсаткичидир.

Ҳар бир ҳолатни текшириб, рўйхатлаш урушнинг рус қўшинларига қанчалик таъсир қилаётганини кўрсатади. Айни пайтда бу яқинини йўқотаётган оилалар саволларига ҳам жавобдир.

Баъзи қариндошлар Би-би-си текширгунга қадар яқинларига нима бўлганидан бехабар бўлишган.

Икки аскар ҳикояси

Россия махсус кучлари отряди командири сержант Никита Лобурец ўтган йилнинг 20 май куни Украина шарқидаги қишлоқлардан бирида ҳалок бўлганда 21 ёшда эди.

Деярли бир йил ўтгач, Александр Зубковнинг қариндошлари у Бахмутдаги жангда ўлганидан хабар топишди. 34 ёшда бўлган Зубков гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун тўққиз йилга қамалган, аммо тезроқ озодликка чиқиш учун «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳига қўшилган.

Булар Би би си, Россиянинг мустақил медиа ташкилоти "Медиазона" ва бир гуруҳ кўнгиллилар томонидан расмий хабарлар, газеталар, ижтимоий тармоқлар, янги ёдгорликлар ва қабрлар маълумотларига асосланиб, ўлгани аниқланган 25 минг аскардан иккитаси холос.

Бу икки аскар Россия армияси Украинага бостириб кирганидан бери қанчалик ўзгарганини кўрсатади - ўлим сони ортиб бораётгани сабабли армия сафида ёши каттароқлар ва тайёргарлиги озроқлар кўпайиб бормоқда.

Уруш энди бошланганда рус жангчиларининг ўртача тахминий ёши 21 да ва сержант Никита Лобурец каби мавқеи пастроқ профессионаллар эди.

Photo of Nikita Loburets

Унинг отаси Константиннинг айтишича, Лобурец Украина билан чегарадан 100 километр узоқликдаги Брянск шаҳридаги мактабда ўқиб юрганидаёқ десантчи бўлишни хоҳлаган. У жанг санъатларини ўрганишни бошлаган ва ўқишни тугатишдан олдин парашютдан сакрашни ўрганган.

У парашютчиларни тайёрловчи академия - Рязан олий ҳаво-десант мактабида ўқиди ва Россия ҳарбий разведкаси бўлмиш ГРУнинг Спецназ бригадасига ишга жойлашди.

Уруш бошлангандан деярли уч ой ўтгач, отасининг айтишича, сержант Лобурец ҳам бўлган кичик отраяд Харков шимолидаги қишлоқда пистирмага йўлиқди ва сержант ўша ерда ҳалок бўлди.

У ўзи туғилиб ўсган шаҳри қабристонидаги "Қаҳрамонлар хиёбонига" дафн этилди, вафотидан кейин «Жасорат» ордени билан тақдирланди.

Урушнинг дастлабки ойларида у каби минглаб жангчилар ҳалок бўлган.

Аммо бир йилдан кейин улар сони камайиб кетди.

Сўнгги ойларда Украинада ўлдирилган рус аскарлари қамоқдан ёлланган 34 ёшли маҳкум кабилардир.

grafik

Александр Зубков кабилар.

Вагнер отрядларида жанг қилаётган ҳарбий асирлар каби ҳарбий унвонга эга бўлмаган Зубков Россия шимоли-ғарбий соҳилидаги Северодвинск шаҳрида, Россия денгиз флотининг йирик кемасозлик заводи жойлашган жойда туғилган.

Photo of Alexander Zubkov

2014 йилги суд маълумотларига кўра, у қотилликда айбдор деб топилиб, саккиз йилу олти ойга қамалганида, бир боланинг ишсиз отаси эди.

2020 йилда шартли равишда озодликка чиқарилди, аммо орадан бир йил ҳам ўтмай, у ва шериги ёнидан 600 грамм ноқонуний ПВП моддаси топилиши ортидан яна жавобгарликка тортилди.

Суд уни қарамоғида ёрдамга муҳтож ногирон синглиси ва ажрашганидан кейин қолган ўғли борлигини ҳисобга олиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди.

Вагнер гуруҳи қамоқхоналардан одам ёллашни бошлаганида, Зубков ўтган йил ноябрида 100 000 рубль (1,250 доллар) маош эвазига урушга отланди. Агар у олти ой хизмат қилса, озодликка ҳам чиқиши мумкин эди.

Аммо беш ой ўтгач, Украина шарқидаги Бахмут шаҳри учун жангда Зубков ҳалок бўлди. У 28 апрель куни ўз она шаҳрида дафн этилди.

"Ёқиладиган қўшинлар"

Зубков ва унга ўхшаганлардан "бир марталик ёқилғи" каби фойдаланишмоқда, дейди доктор Жек Уотлинг. У Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти (ҚБХИ) мудофаа таҳлилий марказининг қуруқликдаги уруш бўйича экспертидир.

qabriston

Бизнинг ўлимлар рўйхатимиздаги маҳбуслар орасида майда ўғрилардан тортиб то тўдабошиларгача бор. Улардан бири 92 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини ўлдиргани учун қамоққа ташланган маҳбус бўлган.

Сафарбар қилинган тинч аҳоли билан бирга, уларнинг баъзилари кўчада ёки савдо марказларидан тутиб урушга олиб кетилган. Уларга Украина кучлари билан доимий тўқнашиш, уларни ҳолдан тойдириш, украинларнинг позицияларини артиллериячиларга билдириш учун уларга қарши бориш буйруғи берилган.

Доктор Уотлинг айтишича, "улар ўлиб кетишларини била туриб, раҳбарлар уларни олдинга юборади. Шундай қилиб, Россия ҳарбийлари бу аскарларни шунчаки ёқиб юбормоқда."

Тактикадаги бу ўзгариш рақамларда ҳам кўринади.

Россия урушнинг дастлабки уч ойида жуда кўп профессионал аскарларини йўқотди.

Аммо сўнгги уч ой ичида нопрофессионал аскарлар кўпроқ ўлмоқда.

chizma

Доктор Уотлингнинг айтишича, Россия ўзининг қолган мутахассисларини атай ҳимоя қиляпти, улардан позицияларни эгаллаш, снайперлар ҳужумини амалга ошириш ва фақат қулай шароитлардаги ҳужумлар учун фойдаланмоқда.

Ҳозир тажриба орттириш осон эмас. Би-би-си 2100 дан ортиқ россиялик зобитнинг ўлимини текшириб тасдиқлади. Эҳтимол бунинг сабаби Россия Ғарб мамлакатларига қараганда жанговар раҳбарлик учун кичик офицерларга кўпроқ таянаётганидандир, бу эса уларни хавф остига қўяди. Уларнинг камида 242 нафари подполковник ёки ундан юқори даражага эга эди.

Шунингдек, камида 159 нафар қирувчи учоқлар учувчилари ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Уларнинг ўрнини тўлдириш осон эмас: уларни тайёрлаш учун камида етти йил ва миллионлаб доллар керак бўлади.

kadetlar

Сурат манбаси, Reuters

Бу каби йўқотишлар сабабли генерал-майор Канамат Боташев каби фахрийлар яна армияга қайтишга мажбур бўлди.

Унинг ҳарбий карьераси 2012 йилда Су-27 қирувчи учоғини ҳалокатга учратгач тугаган эди. Ўтган йилнинг май ойида, 63 ёшида Су-25 ҳужум учоғини бошқариб кетаётганда, Украина шарқидаги Луганск осмонида уриб туширилди.

У ўлганлар орасида энг кекса одам эмас эди. Илгари электр станциясида ишлаб, пенсияга чиққан Михаил Шувалов 71 ёшида кўнгилли бўлди. Аввалига, ОАВ хабарларига кўра, унга рад жавоби беришган, аммо охир-оқибат у фронтга кетган ва 10 декабрда ҳалок бўлган.

Ишонарли ёзувлар

Ўлганлар сони бўйича ишончли манбалар бўлмаслигини билгани учун ҳам Би би си Рус хизмати ана шу ҳисобни юрита бошлади.

Урушдаги ҳар бир томон ўз йўқотишларини камайтириб кўрсатади. Аммо Россия ўлимлар сонини ҳарбий сир ёки руҳий кўтаринкиликни сақлаш учун зарур бўлганидан ҳам кўра кўпроқ камайтириб кўрсатади.

Афғон ва чечен урушлари тугаганидан кейин йиллар ўтган бўлса ҳам, фахрийлар ва қариндошлар ҳалок бўлганлар ҳақида ҳамон аниқ маълумот ололмаяпти.

Ҳатто Иккинчи Жаҳон уруши давридаги ўлимлар сони ҳам ҳануз тан олинмаган.

Медиазона ва маълумот бериб турган Россия жамоатчилиги вакиллари билан ишлаган Би би си маҳаллий ҳокимият органлари ва ОАВ тилга олган ёки ижтимоий тармоқларда қариндошлари хабар қилган аниқ ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар тўплади ва уларни текшириб тасдиқлади.

Улар мамлакат бўйлаб янги номда пайдо бўлаётган уруш ёдгорликларини кузатиб боришди ва кўнгиллилар ҳар бир тасдиқланган ўлим бўйича маълумотларни аниқлаштириб, янги қабрларни суратга олишди.

Ўрганишларда ҳалок бўлган вагнерчиларнинг еттита янги қабристони аниқланди, олтитаси Россияда ва биттаси Украина шарқидаги Луганскда. Улардан бирини Россия жанубидаги Бакинская сунъий йўлдош тасвирларида кўриш мумкин, улар охирги бир неча ой давомида тез каттариб бормоқда.

qabriston

Украинада ўлган рус аскарларининг охирги расмий сони ўтган йил сентябрида 5937 нафар деб кўрсатилган эди.

Аммо бу вақтга келиб Би-би-си тасдиқлаган ўлимлар сони 6,600 дан ортган эди ва ҳозирда уларнинг сони 25,000 дан ошади.

Буюк Британия разведка идоралари ҳисоб-китобига кўра, биргина февраль ойида 40 мингдан 60 минггача аскар ҳалок бўлган.

Украина Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, россияликлар ярадорлар билан бирга 200 мингдан ортиқ одамни йўқотган.

Бу рақамларнинг барчаси Россиянинг 6000 га яқин одам ҳақидаги даъвоси тўғрилигига шубҳа уйғотади.

chizma

Би би си Россия ҳукумати билан боғланиб, бу борада изоҳ сўраган бўлса ҳам, жавоб олмади.

Россиядаги барча ўлимларни текшириб, рўйхатга кирита олмаймиз - биз фақат очиқ манбаларда ёки кўнгиллилар бориб кўрган ёдгорлик ва қабристонларда номи ёзилган шахсларни рўйхат қилишимиз мумкин. Аммо кўнгиллилар Россиянинг барча кенг ҳудудларини қамраб ололмайди. Бу рўйхатга Донбассдаги русийзабон айирмачилар ўлимлари ҳам киритилмаган.

Аммо, тўлиқ бўлмаганига қарамай, рўйхат ўлганларнинг баъзи қариндошлари саволларига жавоб бера олди.

Аннанинг ҳикояси

Декабрь ойида Би би си Анна (исми ўзгартирилган) билан боғланганида, у собиқ эри ва қизининг отаси Фаил Набиев тақдиридан хавотир олаётган эди.

«Нима бўлганини айтиб бера оласизми? - дейди у. - Мен унинг қаерда дафн этилганини, қандай вафот этганини ҳам билмайман.»

Набиевнинг қабри Бакинскаяда топилган, бу қабристонни сунъий йўлдошдан олинган суратларда кўриш мумкин. Би би си унга нима бўлганини ҳам ўрганган.

Treated photograph of Fail Nabiev's grave marker

У ўтган йилнинг 6 октябрида 60 ёшида вагнерчилар урушаётган Бахмут чеккасида ҳалок бўлган экан.

Москва шимоли-шарқида яшовчи Анна ажрашганидан кейин ҳам Набиев иккиси дўст бўлиб қолганини айтади: "У яхши одам эди".

Аммо унинг айтишича, у камбағал ва пулга муҳтож эди, шунинг учун у гаражлардан сотиш учун автомобиль қисмлари ва бошқа жиҳозларни ўғирлаган. Шундай қилиб, у қамалган ва Вагнернинг ўлжасига айланган.

Россиянинг «Вагнер» ёлланма гуруҳи бўлинмаларида маҳбуслар ўлимини тасдиқлаш айниқса қийин. Анна маҳаллий ҳарбий хизматга ёлловчилар идорасига борганида, улар Набиев ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқлигини айтишди.

Ноаниқликдан ташқари, уруш пайтидаги ўлим расмий тасдиқланмаганлиги ҳам оилага тегишли иш ҳақи ёки компенсацияни олишни қийинлаштириши мумкин.

"Мен унинг тирик ёки ўликлигини билмоқчи эдим. Ахир, сиз айтаётгандан бошқа менда ҳеч қандай маълумот йўқ, - дейди Анна Би би сига. - Мен унинг медалларини, ҳеч бўлмаганда қандайдир хотирани олишни хоҳлайман - бу одам мен учун азиз."

"25 миллион заҳира"

Россия узоқ ушлаб турса, Ғарбнинг Украинага ёрдами охир-оқибат узилади, деб ишонади, дейди қуруқликдаги урушлар бўйича эксперт доктор Жек Уотлинг.

Агар Украина узоқ вақтдан бери режалаштирилган қарши ҳужумда Россия истеҳкомларини ёриб ўта олса, чарчаган ва тажрибасиз қўшинлар "сезиларли миқдорда ҳалокатга" учраши мумкин, дейди у.

Аммо нима бўлишидан қатъий назар, Россияда одам етишмай қолиши даргумон, дейди доктор Уотлинг, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг "25 миллион заҳирамиз бор" деган гапини иқтибос келтириб.

Бу шуни англатадики, Би би сига ҳалок бўлган руслар ҳақидаги хабарлар иркутсклик Вера каби аёллардан келишда давом этаверади. Вера Вагнер отрядидаги акаси тирик ўликлигини текширишга бир неча ой сарфлаган.

"Биз қаерга қочишни, қаердан ёрдам излашни билмаймиз, - дейди у. - Бошимизга мусибат тушди. Ҳақиқатни қандай билайлик?"

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.