Crocus City Hall фожеаси: Ўзбекистонлик аксар шарҳловчилар Кремлга ишонмайди, энди мигрантларга қийин бўладими? - Видео

Москва кўчасида мотамдамиз деган ёзув

Сурат манбаси, Getty Images

Дунёда кўпчилик Россиядаги қонли ҳужумни қораламоқда. Ўзбекистонлик шарҳловчилар Россия расмийлари тақдим этаётган фожеали ҳодисалар талқинини шубҳа остига олмоқдалар.

Марказий Осиёдаги беш мамлакат раҳбарлари Россия Президенти Владимир Путинга Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир бўлган фожиа муносабати билан таъзия йўлладилар, ҳужумни қатъий қораладилар.

Алоқадор мавзулар:

Ҳамдардлик

Президент Тоқаев, агар зарур бўлса, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари россиялик ҳамкасбларига ёрдам беришлари мумкинлигини айтди.

Президент Мирзиёев таъзия мактубида "мазкур жиноят ташкилотчилари ва ижрочиларига жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонч" билдирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

23 ва 24 март кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари Россия Президенти Владимир Путинга телефон қўнғироқлари қилиб ҳамдардлик изҳор этганлар.

Бундан алоҳида, беш мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ҳужумни қоралаган баёнотлар эълон қилдилар.

Минтақавий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидаги Россия элчихоналарига одамлар гуллар билан боришган, ҳужум қурбонларига ҳамдардлик изҳор этганлар.

Россиянинг Остона шаҳридаги, Тошкент ва Бишкекдаги элчиликларига Қозоғистон Сенати спикери Маулен Ашимбаев, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаевлар ташриф буюрганлар.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчилиги Crocus City Hallда ишлаган ва бедарак бўлиб турган икки қирғизистонлик аёл яқинлари билан мулоқотда бўлиб турганларини хабар қилди.

Қуролли ҳужум рўй берган 22 март куни Россияга ишлаш учун учиб борган қирғизистонлик мигрантлар Москванинг Шереметьево аэропортида "қамалиб" қолганлари, бунга қўшимча хавфсизлик текширувлари жорий этилгани сабаб бўлгани ҳақида ёздилар минтақавий матбуот.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, аэропортда кутиб турган Тожикистон ва Украина ватандошларини калтаклаш ҳоллари кузатилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Россияга сафар қилишдан тийилишга чақириқ билан чиқди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Россияда ҳужумларда гумон этилиб қидирувга берилган икки Тожикистон ватандошининг ҳужумларга алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот эълон қилди.

Россиядаги Телеграм каналлар гумондорлар ҳақидаги маълумот ва уларнинг фото суратларини эълон қилган, улар орасида энг машҳури Baza.

Россия қидирув эълон қилган шахслар орасида Ривожиддин Исмонов ва Маҳмадрасул Насриддинов ҳам бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раддиясида Ривожиддин Исмонов ва Маҳмадрасул Насриддинов 2023 йил ноябрида Россиядан қайтиб келишгани ва ўшандан буён Тожикистондаги ўз уйларида яашаб келганлари тасдиқланади.

Матбуот муносабати - мигрантлар тақдиридан хавотирлар

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Россиядаги ҳалокатли ҳужумларни тожикистонлик журналистлар ҳам муҳокама қилмоқдалар.

Мухолиф журналист ва исломий олим Саидюнус Истаравшаний фикрича, Тожикистон расмийларининг Ислом динига узоқ давом этиб келаётган босимлари ёш йигитларни "Исломий Давлат" каби экстремист гуруҳларга қўшилишларига ундаяпти.

Журналист Анора Саркорова ёзишича, Россия расмийлари Тожик мигрантларини "ҳамма гуноҳ ортилган эчкига айлантираяптилар" ва "энди муҳожир ишчилар Россияда таъқиб ва босимларнинг янги тўлқинига дуч келадилар".

Ижтимоий тармоқларда Россиядаги иш берувчилардан ўз қўли остидаги Марказий осиёлик ишчилар ҳақида маълумот бериш талаб қилинаётгани хабарлари тарқалди.

Россияда киракашлик билан шуғулланадиган марказий осиёлик таксичилар буюртма олганларидан кейин телефон қўнғироқлари бўлиб, қаерлик экани ҳақида сўралаётгани ва пўписалар кузатилаётгани хабар қилинмоқда.

Россиядаги 32 ёшли тожикистонлик мигрант Муҳиб (исми ўзгартирилган) Би-би-сига шундай деди:Москвада доим миллатчилик бўлган, лекин уларнинг кўпи майда... маиший миллатчилик. Энди қўрқиб ўтирибмиз. Аёлимни ишга чиқармадим. Студентлар ошхонасида ишлайди, шундоқ ҳам туртки бўлади ҳар куни тилни яхши билмагани учун. Тирикчилик деб юрибмиз бу ерларда. Тожикистонликман дейишга қўрқиб қолдик. Группамиз бор қишлоқдан келганларнинг... ичида такси ҳайдайдиганлари ҳам бор. Уйда ўтирамиз уч-тўрт кун деб ёзишди. Ёмон бўлди. Бизга қийин бўлади, рейдларни кўпайтиришади. Шунча бегуноҳ одам ўлиб кетди. Нима бўлса ҳам шу ердан туз еб, икки-уч танга топиб, уйдагиларга ёрдам бераётгандик. Эртага нима бўлади билмаймиз... Худо асрасин ҳаммамизни..."

Ўзбекистонда блогер ва сиёсий шарҳловчилар зўравонликларда Кремлнинг ўзини айбламоқдалар, Украина урушига янги сафарбарликни эълон қилишга баҳона сифатида ишлатиш учун ушбу ҳужумларни Россия махфий хизматларининг ўзи уюштирган бўлиши мумкинлигини ёздилар.

Ижтимоий тармоқ муҳокамалари

"Крокус Сити Холл"даги ҳужумларга Ўзбек ижтимоий тармоқларидаги илк реакциялар 23 март тонгида пайдо бўлди.

Кўпчилик қуролли ҳужумларни "шафқатсиз террорчилик хуружи" деб атади, ҳалок бўлган ва жабрланган инсонларга ўз ҳамдардлигини изҳор этдилар.

"Moskva shahrida bo'lgan terakt - katta fojea. Qotilliklarni oqlab bo'lmaydi. Vafot etganlarning yaqinlariga hamdardlik bildiraman", деб ёзди блогер Умид Гафуров.

Ўзбекистонлик кўплаб блогер ва шарҳловчилар ана шу оҳангда муносабат билдирдилар.

"Ҳаммани сабр ва доноликка чақираман. Терактни қоралашда биз сабр ва бирдамликни намойиш этишимиз ва террорнинг мақсадларидан бири жанжал ва душманликни тарқатиш эканини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим", деб ёзди сиёсатшунос Ринат Сагитов.

Россия матбуоти ҳужумни ташкиллаштиришда меҳнат муҳожирларини айблашни бошлаганидан кейин ижтимоий тармоқлардаги оҳанг ўзгаргани кузатилди.

Қўрқувдан титраётган ва ҳужумчилардан бири менман деб айбни бўйнига олаётган Тожик эркакнинг сўроқ видеоси ўқувчиларни ишонтирмади.

"Қандайдир мигрантни топишди ва бўйнига терактни қўйишаяпти. Қийноқлар остида у мажбурланган гапларни айтаяпти. Бу Россия "махсус хизматларидан" кутилган нарса. Энг муҳими, буни Телеграмда эълон қилишга шошилишди. Савол туғилади: ғтергов сири қаерда қолди?", деб ёзди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Шарҳловчи Светлана Багрянцева ўхшаш муносабат билдирди.

"Демак, бундан чиқди, Россиядаги қурилишда ишлаётган бўйлари унча баланд бўлмаган тўрт осиёлик 6-8 минг томошабинлик зални йўқ қила олар экан, ҳеч бир гуноҳи йўқ ўнлаб одамни хотиржам отиб ташлай олар экан. Ва бунга кимдир ишониши керак, тўғрими?", деб савол қўйди Светлана Багрянцева.

"Қўрқувдан қалтираётган кичкина одам ўзининг оти Фаридун эканини айтаяпти. Тахмин қиламанки, энди Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари яқин атрофдаги ҳар қандай Тожикни ушлашади ва айбни бўйнига қўйишади", деб ёзди яна бир таҳлилчи Дилнур Камилов.

Аксар ўзбекистонлик кузатувчи ва шарҳловчилар қуролли ҳужумни ташкиллаштирган Путиннинг ФСБсини айбладилар ва нега шундай фикрда эканини изоҳладилар.

"Ҳозир Путиннинг аҳволи оғир: фронтда жанг қилишга тайёр янги одамлар йўқ, боши берк кўчага тушиб қолди, санкциялар кескинлашди ва шу фонда у Украинани қандайдир терактда айблаши керак. Энди Путин фавқулодда ҳолат жорий қилади ва ҳаммани урушга жўнатади. Бироқ, бу вазиятда ҳам руслар урушга киришни хоҳламайдилар, русларда урушни телевизорда кўриш одати бор ва улар ўрнига бировлар жанг қилиши керак. Ўзбекистон, тарихий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, энди имкон қадар Россиядан узоқда бўлиши ва Афғонистон билан чегарани янада кўпроқ назорат қилиши керак", деб ёзди сиёсий шарҳловчи Анвар Назир.

Шунга ўхшаш фикрларни ўнлаб шарҳловчилар, шу жумладан, Камолиддин Раббимов, Алишер Илҳомов, Сардор Салим, Дилнур Камилов, Қосим Мунисов, Қудрат Бобожон, журналист Рустем Сафронов, Шуҳрат Бобожон ва бошқалар билдирдилар.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов сўнгги ҳодисани Россия пойтахтидаги портлашлар ва Москвадаги 2002 йилдаги Дубровка театридаги гаровга олиш ҳодисаларига қиёслади.

"Путлер (Путин ва Гитлер сўзлари қоришмаси) ҳокимиятга ўзи ташкиллаштирган террорчилик ҳужуми тўлқинларида келган. Энди унга мобилизацияни бошлаш ва норозиларга қарши террорни кучайтиришга баҳона бор", ёзди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002