Москва ҳужуми: Муҳожирлар ҳоли нима бўлади – Ўзбекистон мигрантларни огоҳлантирди (BBC O'zbek podkasti)

  • Лаура Гоззи
  • BBC News ва Би-Би-си Ўзбек
Марказий осиёлик мигрантлар Россияда тез-тез камситишларга учрашади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Марказий осиёлик мигрантлар Россияда тез-тез камситишларга учрашади

Москвадаги қонли ҳужумлардан сўнг Россияда марказий осиёлик муҳожирларга нисбатан калтаклаш, вандализм ва ирқчилик ҳолатлари кўпайган.

Москвадаги Би-би-си суҳбатлашган тожикистонлик мигрантларга кўра, хавотирга тушмаган муҳожир йўқ.

Ўзбекистон Россияда меҳнат қилаётган фуқароларини огоҳлантирди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, у ерда бўлиб турган ёки чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.

Агентлик мигрантларни ҳужум муносабати билан жорий қилинган хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраган ва зарурат бўлмаса жамоат жойларига бормасликни тавсия қилган.

"Хусусан, шахсни тасдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларига сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади", дейилади расмий хабарда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар:

Лаура Гоззи

BBC News:

Ўтган жума куни Москвадаги Крокус Сити Ҳоллга қилинган ҳужумда тўрт нафар Тожикистон фуқароси гумонланмоқда.

iqtibos

Улар "Исломий давлат" жиҳодчи гуруҳи ўз зиммасига олган ҳужумда 140 киши ўлимида айбланмоқда. Яна бир қанча гумондорлар ҳибсга олинди, барчаси Марказий Осиёдан.

Москвадаги қотилликлардан сўнг кескинлик кучайиши мумкинлигидан хавотирлар

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳафта охирида ўз фуқароларини зарурат бўлмаса, уйларидан чиқмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россиядаги меҳнат муҳожирларининг салмоқли қисмини ташкил этади. Улар, айниқса, чакана савдо, транспорт ва қурилиш соҳаларида кўп.

Кўпчилик аллақачон юқори даражадаги дискриминацияга дуч келмоқда. Техас А&М университети профессори Эдвард Лемон Би-би-сига берган интервьюсида "улар кўпинча кенг тарқалган ижтимоий ксенофобияга дуч келишади" дейди.

Россияни "Евронигоҳ 2021"да тамсил этган асли тожикистонлик қўшиқчи Манижа Сангин Москвадаги ҳужумни "очиқ ваҳшийлик" дея қоралади, бироқ бунинг "тожиклар ва бутун марказий осиёликлар учун оқибати бўлишидан" огоҳлантирди. Ҳозир у БМТ қочқинлар агентлигининг яхши ният элчисидир.

Қирғизистон, Ўзбекистон ва тожикистонлик мигрантлар Россия меҳнат бозорининг катта қисмини ташкил қилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қирғизистон, Ўзбекистон ва тожикистонлик мигрантлар Россия меҳнат бозорининг катта қисмини ташкил қилади

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 10,5 миллионга яқин муҳожир меҳнат қилади. Бундан ҳам кўпроғи рўйхатдан ўтмаганлар бўлиши мумкин.

Бу Россиянинг визасиз режими билан боғлиқ. Ана шу сабабли Россия ватанларида йўқ иқтисодий имконият излаётган Марказий Осиёлик муҳожирлар учун кам сонли вариантлардан бирига айланган, дея тушунтиради профессор Лемон.

Тожикистон элчихонаси огоҳлантиришига қарамай, Крокус Сити Ҳоллга ҳужум қилганлар Тожикистон фуқаролари эканлиги ҳақидаги хабар тезда бутун Россия бўйлаб тарқалди.

Дам олиш кунларида Россиянинг Узоқ Шарқидаги Благовешенск шаҳрида муҳожирларга тегишли корхона ёқиб юборилди, Москва жануби-ғарбидаги Калуга шаҳрида эса бир неча муҳожир калтакланди.

Қирғизистонлик муҳожирлар икки кун давомида Москванинг Шереметево аэропортида ушлаб турилган ва уйларига қайтарилгунга қадар озиқ-овқат ва сувсиз хонага қамалган, Москвадаги такси ҳайдовчиларидан эса мижозлар тожикистонлик эмасмисан деб сўраган.

Крокус Сити Ҳолл ҳужумидан бир неча соат ўтгач, шанба куни эрта тонгда Telegram'даги гуруҳ чатларидаги хабарлар Россиядаги муҳожирлар орасида асабий хавотир кучайиб бораётганини кўрсатди.

"Шундоқ ҳам кўпчилик рус бўлмаганларни ёқтирмайди, энди мана бу аҳвол бўлиб турибди", деб ёзади "Москвадаги тожиклар" гуруҳидаги бир киши.

Яна бири тожик жамиятига қарши норозилик бўлишидан хавотирланиб: "Эй Худо, [ҳужум қилганлар] украиналиклар бўлсин-да", дейди.

Россиянинг «Медиазона» нашрига муҳожирлар билан ишлаган адвокат Валентина Чупикнинг айтишича, Москвадаги ҳужумдан сўнг икки кун ичида унга муҳожирларга нисбатан "тажовузкорлик" ҳақида 2500 та хабар келиб тушган.

Полиция бутун мамлакат бўйлаб ётоқхоналар ва муҳожирлар ётоқхоналарида рейд ўтказди ва бир неча кишини ҳибсга олди. Ҳибсга олинганлар орасида 30 дан ортиқ қийноқ ҳолатлари ҳам қайд этилган, дейди Чупик хоним.

Тўрт кундан сўнг адвокат Би-би-сига айтишича, уларнинг сони ўсишда давом этаяпти, бир қанча тожикистонликлар унга Россияни тарк этиш ҳақида ўйлашаётганини айтган.

"Бир гуруҳ Тожикистон фуқаролари ётоқхонада яшашдан қўрқиб, хавфсиз уй-жой топиб беришимни сўрашди", дейди Чупик хоним.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тожикистон ЯИМ ярми мигрантлар юбораётган маблағдан ташкил топган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тожикистон ЯИМ ярми мигрантлар юбораётган маблағдан ташкил топган

Унинг айтишича, Россиядаги камситишлар одатда "славянга ўхшамаган" муҳожирларга таъсир қилади, "хўрлаш ва зўравонлик асосан оддий одамлардан эмас, Россия ҳуқуқ-тартибот органларидан келади".

Жума куни Москвадаги ҳужум вазиятни ёмонлаштирган бўлсада, муҳожирлар узоқ вақтдан бери полициянинг таъқибларига нишон бўлиб келади.

Ҳар йили Россия расмийлари муҳожирларга қарши кенг кўламли кампаниялар олиб боради, Марказий Осиёдаги корхоналар, масжидлар ва йиғилиш жойларига ўнлаб рейдлар ўтказади. Ўтган йилги кампания натижасида 15 мингдан ортиқ муҳожир депортация қилингани хабар қилинган.

Январь ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Россиядан Екатеринбургдаги рейд чоғида меҳнат муҳожирлари ҳақоратлангани ва камситилгани акс этган ижтимоий тармоқлардаги видеони текширишни талаб қилган эди.

Шунга қарамай, кўплаб марказий осиёлик муҳожирларнинг Россияда ишлашни давом эттиришдан бошқа иложи йўқ. Тожикистон Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлат бўлиб, ялпи ички маҳсулотининг ярми қариндошларнинг хориждан юборган пул ўтказмаларига тўғри келади.

Шунинг учун ҳам, профессор Лимоннинг айтишича, улар "кўп муаммоларга қарамай" Россияга бораверади.

Россиянинг мураккаб иммиграция қонунлари, ҳатто қонуний келган ишчилар ҳам кўпинча керакли ҳужжатларсиз қолиб кетишига сабаб бўлади.

Ҳужжатсиз муҳожир бўлиш уларнинг иш берувчилар томонидан таҳқирланишига, ёмон яшаш шароитларига ва тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти бўлмаслигига сабаб бўлади.

Бу, шунингдек, ҳибсга олиниш хавфи ошишини англатади, бу эса ўз навбатида расмийларга катта миқдорда пора бериш зарурлигига олиб келади.

Москвадаги терактдан кўп ўтмай, бир қанча россиялик депутатлар иммиграция қонунчилигини кучайтиришга чақирдилар. Улардан бири муҳожирларни Россиядан "кичик қоидабузарлик учун" чиқариб юборишни таклиф қилган.

Лекин бунга реал имконият йўқ, чунки Россия ҳам Марказий Осиёдан келган муҳожирлардан наф кўради. Украинадаги уруш сабабли Россияда ишчи кучи танқислиги ортган.

Бироқ кўп йиллик таранглик ва ксенофобия Россиядаги муҳожирларнинг асабий яшашига сабаб бўлади.

"Эҳтиёт бўлинг, яхши одамлар", дейди тожик Telegram гуруҳи аъзоларидан бири. "Бундан кейин биз учун қийин бўлиши аниқ."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002