Москвадаги ҳужум: Ҳозирча нималарни биламиз ва ИД нега Россияни нишонга олиши мумкин?

Крокус Сити Холл ҳужумдан кейин

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Қуролли шахслар концерт аренасида ўт очиб, кейин уни ёқиб юбориши оқибатида камида 139 киши ҳалок бўлди. Тожикистонлик эканлиги айтилаётган гумонланувчилар жароҳат излари билан судга келтирилган. "Исломий давлат" (ИД) гуруҳи масъулиятни ўз зиммасига олган ушбу ҳужум ҳақида нималарни биламиз?

Жума куни Москвадаги концерт залига қилинган ҳужум Россияда сўнгги йиллардаги энг ёмони бўлди. Президент Владимир Путин президентлигининг бешинчи муддати бошланганидан бир неча кун ўтиб жангарилар мажмуага бостириб кириши оқибатида камида 139 киши ҳалок бўлди. "Исломий давлат" (ИД) гуруҳи ҳужумни унинг тўрт нафар аъзоси амалга оширганини айтди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳужум ҳақида нималарни биламиз ва "Исломий давлат" (ИД) гуруҳи нима учун Россияни нишонга олган бўлиши мумкин?

Крокус Сити Холлга ҳужум қандай содир этилди?

The Crocus City Hall in Moscow on fire

Сурат манбаси, EPA

Москва чеккасида, Кремлдан 20 км узоқликда жойлашган Крокус Сити Холлга жума куни соат 20:00 да қуролланган шахслар бостириб кирганида, "Пикник" рок гуруҳи концерти ўтиши керак эди.

Видеода камида тўрт киши концерт аренасига кириб, тартибсиз ўқ узгани кўринади.

Бир аёлнинг айтишича, залда у ва бошқалар ўқ узилаётганини сезган заҳоти саҳнага югуришган.

"Мен ўриндиқлар орасида қуролли одамни кўрдим, [ўқ овози] эшитилди, мен карнай орқасига судралиб ўтмоқчи бўлдим", дейди у Россия телевидениесига.

Ёнғин зал олдини қамраб олди, етти қаватли бинонинг юқори икки қаватидан шиша синиқлар учди.

"Террорчилар концерт залига ўт қўйиш учун ёнувчи суюқликдан фойдаланган", дейди Россия Тергов қўмитаси.

"Пикник" гуруҳи аъзоларининг ўзлари жабрланмаган.

Қурбонлар кимлар?

Савдо ва концерт мажмуасига тадбир учун 6000 дан ортиқ россиялик йиғилганди.

Сешанба куни эрталаб камида 139 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Қурбонларнинг биринчи расмий рўйхатига кўра, уларнинг энг кексаси 70 ёшда бўлган, ҳалок бўлганлар орасида уч нафар бола ҳам бор.

Ҳужумчилар кимлар?

Афтидан, ҳужумни амалга оширганлар ўзлари қолдирган дўзах ва тартибсизликдан қочиб қутулишга муваффақ бўлишган.

Россия парламенти депутати Александр Хинштейннинг айтишича, ҳужумчилар машинада қочиб кетишган.

Полиция машинани Москвадан 340 км узоқликда тўхтатишга уринган, икки кишини ҳибсга олган, қолганлари қочиб кетган.

Отишма ҳақида илк хабар берилганидан тахминан 14 соат ўтиб, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) 11 киши ҳибсга олинганини эълон қилди, улардан тўрт нафари "отишмада бевосита иштирок этган".

Якшанба куни тўрт гумонланувчи Москва судига олиб келинган.

Уларга террорчилик айблови қўйилган ва Россия давлат ахборот агентлиги ТАСС хабарига кўра, уларнинг барчаси Тожикистондан бўлган.

Крокус Сити Холлга ҳужумда гумон қилинаётган тўрт шахс

Сурат манбаси, Reuters

Судга келтирилган тўрт маҳбуснинг ҳаммаси тан жароҳати олган.

Афтидан, шафқатсиз тергов видеоларини Россия хавфсизлик кучлари эълон қилган ва хабарларга кўра, маҳбуслардан камида бири электр токи билан қийноққа солинган, бошқасининг қулоғи кесилган.

Ҳужум қилганликда гумон қилинганларнинг учинчиси бўйнига полиэтилен пакет билан судда саволларга жавоб берган, тўртинчиси ногиронлар аравачасида беҳуш ўтирган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков қийноққа солингани ҳақидаги саволга изоҳ беришдан бош тортди.

Нега бу ҳужум содир бўлди?

Жума кунги баёнотида "Исломий давлат" (ИД) гуруҳи ҳужум ортида турганини айтди.

Шанба куни улар тўртта ҳужумчининг барчаси ниқобдаги фотосуратини эълон қилишди.

Гуруҳ кейинроқ ҳужум видеосини эълон қилди.

Би-би-си томонидан тасдиқланган кадрларда қуролланганлардан бири бир неча кишига қарата ўт очганини кўриш мумкин.

Икки ҳафта олдин АҚШ Москвадаги "катта йиғилишлар"га эҳтимолий ҳужум ҳақида огоҳлантирган эди.

Россия расмийлари Америка разведкасида аниқ тафсилотлар йўқлигидан шикоят қилди. Кремль тергов ниҳоясига етмагунча вазият ҳақида изоҳ беришни ўринсиз деб ҳисоблади.

Душанба куни, ҳужумдан уч кун ўтиб, Россия Президенти Владимир Путин юқори мартабали амалдорларга "биламизки, жиноят Ислом оламининг ўзи асрлар давомида курашиб келаётган мафкура тарафдорлари бўлган радикал исломчилар қўли билан содир этилган".

АҚШ Афғонистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Эрон бўйлаб мусулмон халифалигини яратишга интилаётган "Исломий давлат Хуросон» ИД гуруҳини кўрсатди.

Путин дастлаб ҳужумчилар Украинага қочмоқчи бўлганида қўлга олинганини айтди.

"Чегарани кесиб ўтиши учун дарчани Украина томони тайёрлаб қўйган эди", деди Путин.

Украина Россиянинг "мутлақо асоссиз ва абсурд" даъволарини тезда рад этди.

BBC Verify ИД томонидан жойлаштирилган видео ва суратда акс эттирилган икки ҳужумчи қиёфаси қўлга олинган гумондорларнинг Кремлпараст Telegram каналларида жойлаштирилган видеоларидагига мослигини аниқлади.

Крокус Сити Холл харитаси

Сурат манбаси, .

ИД нега Россияни нишонга олиши мумкин? - BBC Monitoring'да жиҳодчи медиани ўрганувчи эксперт Мина ал-Лами таҳлили

"Исломий давлат" гуруҳи ўзининг қаттиқ хавфсизлик аппарати билан фахрланадиган ва ИДнинг айтарли ҳозирлиги бўлмаган давлатда сўнгги йиллардаги энг қонли ҳужумини амалга оширди.

Ҳужум Президент Владимир Путин бешинчи муддатга қайта сайланганидан бир неча кун ўтиб содир бўлди.

Интернетда ИД тарафдорлари жиҳодчи гуруҳ томонидан содир этилган ҳужумни Путин ғалабасидан кейин унга "совға" деб аташди.

Париждаги Батакланга ҳужум

Москва ҳужуми 2015 йил ноябрида Париждаги Батаклан концерт залига ИД томонидан уюштирилган ва 90 киши ҳалок бўлган ҳужумни эслатади. Иккала арена ҳам рок концертларга мезбонлик қилаётганди.

Ҳар икки ҳужумда бир неча жангари тадбир ўтказиладиган жойга бостириб кирган. Москва ҳужуми ҳатто Батаклан ҳужуми асосида моделлаштирилган бўлиши мумкин. Баъзи мукаммаллаштиришлар бўлган, масалан, кўпроқ ўлимга олиб келадиган ёндирувчи бомбалардан фойдаланилган.

2015 йилда Париждаги терактлардан сўнг ИД видеосида чечен жангариси Россияга Париждаги каби ҳужумларга дучор бўлишини айтиб таҳдид қилган эди.

Москвадаги ҳужум ИДнинг 2024 йил 3 январь куни Эрон жанубидаги Кирмон шаҳрида содир этган портлашларига ҳам ўхшайди.

Ўша ҳужумда икки худкуш-террорчи иштирок этган бўлса-да (бу усул Москва ҳужуми билан бир хил даражада мураккаб бўлмаслиги мумкин), у қурбонлар сони бўйича худди шундай ҳалокатли бўлди - деярли 100 киши ўлими.

Россияда бўлгани каби, ИДнинг Эронда ҳам ҳозирлиги ёки фаол бўлими йўқ.

Шуниси эътиборлики, на Россия, на Эрон ҳужумлари ИДнинг бирор минтақавий шўъбасига боғлиқлиги даъво қилинган.

Ким ҳибсга олинган?

Woman flees shooting in Moscow

Сурат манбаси, BAZA

"Жами 11 киши ҳибсга олинди", дея тасдиқлади Владимир Путин ўз мурожаатида. "ФСБ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари террорчи шерикларининг барча базасини аниқлаш ва ошкор қилиш устида ишламоқда".

Россияпараст ҳукумат шарҳловчиси Маргарита Симоньян 32 ёшли Далержон Мирзоевни жиноий гуруҳнинг «раҳбари» деб атади. У билан бирга судга 30 ёшли Саидакрам Ражабализода, 25 ёшли Шамсидин Фаридуни ва 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзовлар ҳам келтирилди. Ҳаммаси Тожикистон фуқароларидир.

Хабарларда айтилишича, Мирзоев бир неча ой олдин Россиянинг Новосибирск шаҳрига ишлагани келган. Унинг узоқ қариндоши Россия матбуотига унинг хотини ва тўрт фарзанди борлигини айтди. Бу қариндошининг сўзларига кўра, Мирзоев дастлаб унинг уйида тунаб, кундузи таксистлик қилган, бироқ ноябрь ойида у дўстиникига кўчиб ўтган ва "қаергадир ғойиб бўлган".

"Унинг хулқ-атворида ғайриодатий нарса йўқ эди, у ўзи билан ҳеч қандай диний китоб олиб келмаганди. Албатта, нима бўлганини бутун оила билади. Шахсан мен учун энди бундай қариндош йўқ. У қандай қилиб буни уддалаганини билмайман», дейди у.

Фаридуни Москвага март ойи бошида келган, яшаш жойи бўйича Красногорск шаҳрида рўйхатдан ўтган ва Подолскдаги паркет ишлаб чиқариш корхонасида иш бошлаган.

Тўрт кишининг энг кичиги Файзов Иваново шаҳридаги сартарошхонада ишлаган.

Гарчи расмийлар дастлаб Мирзоевни "раҳбар" деб атаган бўлса ҳам, гуруҳнинг бошқа аъзоларининг роли ҳақида далиллар бор.

Мақоладан иқтибос

Сурат манбаси, .

Хавфсизлик кучларига яқин бўлган ШОТ Telegram канали хабар беришича, Файзов ва Фаридуни ҳужумдан икки ҳафта олдин камида беш марта Крокусда бўлганлар. Хабарларга кўра, улар аввалроқ ҳужум қилишни ўйлашган, аммо ўшанда зал "кучайтирилган хавфсизлик" режимида бўлган.

Концерт аренаси ходимининг ШОТ каналига айтишича, у Фаридунини 7 март куни кўрган, у "атрофда гандираклаб, аланглаб юрган" ва қайта-қайта "у қаерда, бу қаерда?" деб сўраган. Шу куни Фаридунини Крокус компаниясида ишлаган фотограф суратга олган.

Фаридуни сўроқ пайтида Россияга Туркиядан келганини айтди. Лекин унинг сўзлари қанчалик ростлиги номаълум.

Сешанба куни Туркия хавфсизлик хизмати расмийси айтишича, Москва концерт залига ҳужум уюштирган икки гумонланувчи Россияга "эркин" борган, чунки уларга нисбатан ҳибсга олиш учун ордер берилмаган.

Туркия ички ишлар вазирининг маълум қилишича, Москвадаги ҳужумдан сўнг Туркия Россия билан терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш ваъдасидан кейин бир вақтнинг ўзида ўтказилган рейдларда ИДга алоқадорликда гумон қилинган 147 киши қўлга олинган.

Бошқа ҳужумчилар қаерда?

Дастлаб, ҳужумчиларнинг тахминий шахси номаълум вақтда, "База" telegram каналида тўрт нафар гумонланувчининг суратлари пайдо бўлди.

Хабар қилинишича, Марказий федерал округнинг барча полиция бўлимларига улар кўрсатилган.

Би-би-си бу даъвонинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмайди.

Кейинчалик маълум бўлишича, фотосуратлардаги одамлар Крокусга қилинган ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Бундан ташқари, ҳужум пайтида улардан иккитаси Россиядан ташқарида бўлган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002